Россиянинг Иркутск вилоятида ўлатга қарши кураш институти ходимаси вафотидан кейин жорий этилган карантин чекловлари бекор қилинди. Бу ҳақда 8 октябрь куни вилоят губернатори Игорь Кобзев видеомурожаатида маълум қилди.
Губернаторнинг айтишича, "Роспотребнадзор" мутахассислари марҳуманинг ўлими билан боғлиқ ҳолат юзасидан профилактик тадбирларни якунлаган. Расмий маълумотларга кўра, аёл «шифохонадан ташқари пневмония»дан вафот этган. У хавфли инфекцияларга қарши эмланган бўлган, институтда эса патоген микроорганизмлар билан ишлаш жараёнида фавқулодда ҳолатлар қайд этилмаган.
Кобзев марҳума билан алоқада бўлган барча шахслар тиббий кўрикдан ўтказилганини билдирди. Қарийб 5 мингта лаборатория текшируви натижасида хавфли патоген микроорганизмлар аниқланмаган.
"Инфекцион патология билан боғлиқ саломатлик бузилишлари аниқланмади. Қарийб 5 мингта лаборатория тадқиқоти натижалари ҳеч қандай хавфли патоген микроорганизмларни аниқламади. Карантин бекор қилинди. Одатий режимда ишламоқдамиз", — деди губернатор.






