АсосийДУНË

Парижда буюк Амир Темур таваллудининг 690 йиллигига бағишланган халқаро илмий конференция ўтказилди

Парижда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонаси ҳамда бир қатор ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда Буюк Амир Темур таваллудининг 690 йиллигига бағишланган халқаро илмий конференция бўлиб ўтди.

'Парижда буюк Амир Темур таваллудининг 690 йиллигига бағишланган халқаро илмий конференция ўтказилди'ning rasmi

Ўзбекистон Республикасининг Франциядаги Элчихонасида ташкил этилган анжуманда Соҳибқирон ва Темурийлар меросининг жаҳон цивилизацияси тарихидаги ўрни, уни Франция ва Европада ўрганишнинг бугунги ҳолати ҳамда илмий ҳамкорликнинг янги йўналишлари муҳокама қилинди.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан буюк аждодларимизнинг илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиш ва халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш борасида амалга оширилаётган ишлар доирасида ўтказилди.

Анжуманда Франциядаги Темурийлар тарихи ва санъатини ўрганиш ассоциацияси президенти Фредерик Брессан, Ал-Фурқон жамғармаси директори Сали Шоҳсиворий, Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Даврон Мақсудов, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Комилжон Шермуҳаммедов, француз олим ва тадқиқотчилари, Амир Темур ассоциацияси аъзолари ҳамда илмий жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Конференцияда Амир Темур ва Темурийлар даврида илм-фан, меъморчилик, санъат, маданият ва давлатчилик тараққиёти, шунингдек, мазкур мероснинг Франция ва Европа илмий муҳитида ўрганилиши масалаларига эътибор қаратилди. Француз тадқиқотчилари Франц Гренэ, Катрин Пужоль ва профессор, навоийшунос Шара Рисоли Темурийлар даври тарихи, маданияти ва адабий меросига оид маърузалар билан иштирок этди.

Амир Темур мероси — жаҳон цивилизациясининг ажралмас қисми

Тадбирда Ўзбекистонда тарихий хотирани тиклаш, буюк алломалар ва давлат арбоблари меросини илмий асосда ўрганиш ҳамда уни жаҳон жамоатчилигига танитиш борасида амалга оширилаётган ишлар алоҳида қайд этилди.

Шу мақсадларнинг амалий ифодаларидан бири бўлган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Ўзбекистон ва Марказий Осиё халқларининг жаҳон цивилизацияси тараққиётига қўшган ҳиссасини намоён этишга хизмат қилмоқда. Марказ экспозицияларида Амир Темур ва Темурийлар даврининг давлатчилик, илм-фан, меъморчилик, санъат ва маданият ривожидаги ўрнига ҳам алоҳида ўрин берилган.

Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов ўз нутқида Амир Темур меросини кенг қамровда ўрганиш зарурлигини таъкидлади.

«Амир Темур мероси фақат бир халқ ёки бир давлат тарихига дахлдор эмас. Унинг давлатчилик, илм-фан, меъморчилик, санъат, маданият ва халқаро муносабатлар соҳасида қолдирган мероси жаҳон цивилизациясининг муҳим қисмидир. Шу боис бугун Парижда ушбу мерос ҳақида фикр алмашишимиз чуқур рамзий маънога эга», — деди Фирдавс Абдухолиқов.

Темурийлар мероси — халқаро илмий мулоқот мавзуси

Франциядаги Темурийлар тарихи ва санъатини ўрганиш ассоциацияси президенти Фредерик Брессан конференциянинг Парижда ўтказилаётгани ва Темурийлар меросини кенг тарғиб этиш учун яратилган имконият муҳимлигини таъкидлади.

«Париждаги Ўзбекистон элчихонасида бўлиб, ушбу тақдимотни ўтказганимиздан жуда хурсандман. Темурийлар сулоласи ва унинг тарихий аҳамиятини Парижда ҳам тарғиб қилиш жуда муҳим. Тадбир самимий ва дўстона муҳитда ўтди, кўплаб дўстларимиз ва уюшма аъзолари иштирок этди», — деди Фредерик Брессан.

Конференцияда Темурийлар даврининг нафақат сиёсий ва давлатчилик тарихи, балки адабиёт ва маънавий ҳаётдаги мероси ҳам муҳокама қилинди. Франциялик профессор, навоийшунос Шара Рисоли ўз маърузасини Алишер Навоийнинг Темурийлар саройидаги ўрни ва ҳомийлик фаолиятига бағишлади.

«Амир Темур Соҳибқирон таваллудининг 690 йиллиги билан табриклайман. Темурийлар даври ҳақидаги билимларимизни янада бойитган ушбу конференцияда иштирок этаётганимдан жуда хурсандман. Менинг маърузам Амир Алишер Навоий, унинг ҳомийлик фаолияти ва Темурийлар саройидаги муҳим роли ҳақида бўлди. Шунингдек, мен Навоий шахсиятини бешта асосий йўналиш орқали таҳлил қилдим», — деди Шара Рисоли.

Олиманинг маърузаси Темурийлар меросини ўрганишда адабиёт ва маданий муҳитнинг ўрнини ҳам ёритди. Бу эса давр тарихини турли илмий йўналишлар кесимида тадқиқ этиш муҳимлигини кўрсатади.

Ўзбекистоннинг маданий мероси — халқаро ҳамжиҳатлик ва мулоқот омили

Анжуман муносабати билан ўз фикрларини билдирган Женева дипломатик доираси (Cercle Diplomatique de Genève) президенти ва асосчиси Роберт Ф. Блум Ўзбекистоннинг бой тарихи ва маданий меросини халқаро миқёсда танитиш, шунингдек, маданиятлараро мулоқотни ривожлантиришнинг аҳамиятига тўхталди.

«Менимча, инсониятни бирлаштириб турувчи энг муҳим жиҳатлардан бири — эътиқод ва маънавий қадриятларимиздаги муштаракликдир. Қайси юртда туғилганимиз ва қандай муҳитда улғайганимиздан қатъи назар, тинчлик ва ҳамжиҳатликка бўлган интилишимиз барчамизни бирлаштиради.

Мен Ўзбекистонни жуда яхши кўраман. Сўнгги ўн йил давомида бу мамлакатга 19 марта ташриф буюрдим. Ўзбекистоннинг ҳақиқий қиёфасини, бой тарихи ва бетакрор маданиятини дунёга танитиш мақсадида 300 саҳифадан иборат, 450 та фотосуратни ўз ичига олган китоб яратдим. Унда Самарқанд, Хива ва Бухоронинг гўзаллиги, халқнинг ҳаёти ва маданий мероси акс этган.

Мен Тошкентдаги Ислом цивилизацияси марказининг очилиш маросимида ҳам иштирок этганман. Марказ менда жуда катта таассурот қолдирди. Унинг тарихий ва маънавий меросни кенг намоён этиш борасидаги аҳамиятини алоҳида таъкидлашни истардим.

Умид қиламанки, Женевада бўлиб ўтадиган тақдимот ҳам Париждаги каби катта қизиқиш уйғотади. Зеро, Женева халқаро мулоқот ва ҳамкорлик учун муҳим майдонлардан бири ҳисобланади», — деди Роберт Ф. Блум.

У, шунингдек, Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорлик минтақавий тараққиёт ва халқаро тинчликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

Франциядаги илмий тадқиқотлар ва янги ҳамкорлик лойиҳалари

Конференцияда Францияда Амир Темур ва Темурийлар меросини ўрганиш борасида кўп йиллардан буён олиб борилаётган илмий ишлар, жумладан, Франция Темурийлар ассоциациясининг фаолияти эътироф этилди.

Шунингдек, «Темурийлар» журналининг 30 йил давомида мунтазам нашр этиб келинаётгани, унинг Амир Темур ва Темурийлар тарихини ўрганишда муҳим илмий мулоқот майдони бўлиб хизмат қилгани таъкидланди. Шу муносабат билан Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан журналнинг 30 йил давомида чоп этилган сонларини жамлаб, алоҳида тўплам сифатида нашр этиш режалаштирилаётгани маълум қилинди.

Фирдавс Абдухолиқов Франция олимлари билан ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш муҳимлигини қайд этди.

«Биз Амир Темур меросини фақат ўтмиш ҳақидаги хотира сифатида эмас, балки бугунги ва келажак авлодлар учун муҳим илмий ва маънавий манба сифатида кўришимиз керак. Франциялик олимлар билан ҳамкорликда ҳали кўплаб янги манбаларни аниқлашимиз, тадқиқотлар олиб боришимиз ва тарихнинг бизга номаълум бўлган саҳифаларини очишимиз мумкин», — деди у.

Шунингдек, Амир Темур ва Темурийлар даврига оид қўлёзмалар, архив ҳужжатлари, тарихий манбалар ва маданий мерос объектларини ўрганиш бўйича қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш, янги китоблар, каталоглар ва кўргазмалар тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди. Ислом цивилизацияси маркази француз олимлари, тарихчилар, шарқшунослар, санъатшунослар, архив ва музей мутахассислари билан ҳамкорликни янада кенгайтиришга тайёр экани таъкидланди.

Тадбирда Амир Темурнинг Франция билан тарихий дипломатик алоқаларига ҳам эътибор қаратилди. Соҳибқироннинг Франция қироли Карл VI билан дипломатик ёзишмалари ўша даврдаёқ Шарқ ва Ғарб ўртасида сиёсий ва маданий мулоқот мавжуд бўлганидан далолат бериши қайд этилди.

Конференция якунида Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги муносабати билан илмий-тадқиқот ишларини давом эттириш, Ўзбекистон ва Франция олимлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, тарихий манбаларни биргаликда ўрганиш ҳамда Соҳибқирон ва Темурийлар меросини халқаро илмий жамоатчиликка янада кенг тарғиб қилиш муҳимлиги таъкидланди.

    Бошқа янгиликлар

    Парижда буюк Амир Темур таваллудининг 690 йиллигига бағишланган халқаро илмий конференция ўтказилди - Darakchi.uz