АсосийЖИНОЯТ

Тўхташ талабига бўйсунмаган Cobalt ҳайдовчисидан 4 килограммдан ортиқ гашиш чиқди

Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

'Тўхташ талабига бўйсунмаган Cobalt ҳайдовчисидан 4 килограммдан ортиқ гашиш чиқди'ning rasmi

Тошкент вилоятида ички ишлар ходимларининг тўхташ ҳақидаги қонуний талабига бўйсунмай, қочишга уринган Cobalt ҳайдовчисининг автомашинасидан 4 килограммдан ортиқ гашиш аниқланди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, Тошкент вилояти ИИББ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ходимлари хизмат вақтида оқ рангли Cobalt автомашинасини шубҳали деб топиб, уни тўхтатишга уринган. Бироқ ҳайдовчи талабга бўйсунмай, ҳаракатини давом эттирган. Тезкор чоралар натижасида автомашина тўхтатилиб, ҳайдовчининг шахси аниқланган. У 2000 йилда Андижон вилояти Марҳамат туманида туғилган фуқаро бўлиб чиққан.

Холислар иштирокида автомашина кўздан кечирилганда, унинг юкхонасидан полиэтилен пакетларга ўралган, думалоқ шаклдаги, тўқ жигарранг ва ўткир ҳидли моддалар топилган. Уларнинг умумий оғирлиги 4 килограммдан ортиқ бўлган. Ҳайдовчи ушбу моддалар гашиш гиёҳвандлик воситаси эканини айтган.

Шунингдек, унинг телефони текширилганда WhatsApp мессенжери орқали юборилган жойлашув локацияси аниқланган. Ушбу маълумот асосида Бўстонлиқ туманидаги “Қапал” маҳалласида текширув ўтказилиб, яна 1 килограмм 40 грамм гашиш топилган.

Ҳолат юзасидан фуқарога нисбатан Жиноят кодексининг 273-моддаси 6-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

    Бошқа янгиликлар

    Тўхташ талабига бўйсунмаган Cobalt ҳайдовчисидан 4 килограммдан ортиқ гашиш чиқди - Darakchi.uz