Самарқанд ва Наманган вилоятларида фуқароларни ноқонуний равишда "Умра" зиёратига юборишни ваъда қилиб, улардан минглаб доллар талаб қилган икки шахс ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Самарқанд шаҳрида фаолият юритувчи оилавий корхона вакили ўзи ва икки нафар қариндошини Саудия Арабистонига зиёратга юборишни ваъда қилган фуқародан 3450 доллар талаб қилган. У 3000 долларни олаётган вақтда ДХХ ва ИИБ ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.
Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шу каби ҳолат Наманган вилоятида ҳам аниқланган. Наманган туманидаги МЧЖ раҳбари Учқўрғон туманида яшовчи фуқарони "Умра" зиёратига юбориш эвазига 1350 доллар талаб қилган. У олдиндан 1200 доллар олган вақтида ДХХ ва ИИБ ходимлари томонидан ушланган.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда.
Фуқароларга "Умра" зиёратини ташкил этишни ваъда қилаётган шахсларнинг тегишли лицензияси борлигини текшириш ва шубҳали таклифларга алданмаслик тавсия этилди.






