Тошкент шаҳрида чақалоқ кўринишидаги ўйинчоқ ичига гиёҳвандлик моддасини яшириб олиб кетаётган 56 ёшли аёл ушланди. У “гашиш”ни Фарғона вилоятидан олиб келиб, пойтахтда сотишни режалаштирганликда гумонланмоқда.
Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси маълумотига кўра, ҳодиса Кибержиноятларга қарши курашиш бошқармаси ҳамда Нурафшон шаҳар Ички ишлар бўлими тезкор ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тадбир давомида аниқланган.
Тошкент шаҳрининг Бектемир тумани ҳудудида ҳаракатланаётган “Нексия-3” автомобили тўхтатилиб, текширилган. Автомобилда бўлган, 1970 йилда туғилган Г.А. исмли аёлнинг буюмлари орасидан чақалоқ кўринишидаги ўйинчоқ топилган.
Ўйинчоқнинг вазни одатдагидан оғирроқ экани ходимларда шубҳа уйғотган. Текширув натижасида унинг ичига саккизта қадоққа жойланган гиёҳвандлик моддаси яширилгани аниқланган. Ҳар бир қадоқнинг оғирлиги 100–150 граммни ташкил этган.
Дастлабки суриштирувларга кўра, аёл гиёҳвандлик моддасини Фарғона вилоятидан сотиб олиб, Тошкент шаҳрида сотиш мақсадида олиб келаётган бўлган.
Автомобиль ҳайдовчиси эса такси хизмати билан шуғулланишини ва йўловчи аёлни аввал кўрмаганини билдирган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 273-моддаси 6-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.






