Наманган вилоятида ноқонуний муомалага киритилиши режалаштирилган, умумий қиймати дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 5,2 миллиард сўмлик дори воситалари аниқланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати маълум қилди.
Маълум қилинишича, Давлат хавфсизлик хизматининг Наманган вилояти бўйича бошқармаси Божхона ва Ички ишлар бошқармалари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказган.
Тадбир давомида Наманган шаҳрида яшовчи, 2002, 1997 ва 1987 йилларда туғилган уч нафар фуқаро ўзаро тил бириктириб, бешта хонадонда яширин омборлар ташкил этгани аниқланган. Улар ушбу омборларда тегишли сифат сертификатларига эга бўлмаган дори воситаларини кейинчалик сотиш мақсадида сақлаб келган.
Тезкор тадбир натижасида хорижда ишлаб чиқарилган ва Ўзбекистонга ноқонуний йўллар билан олиб кирилган 287 турдаги жами 46 минг 865 дона дори воситаси процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.
Олиб қўйилган дори воситалари орасида "Эринит", "Гемаз" ва "Фенотропил" каби препаратлар ҳам бор. Уларнинг дастлабки тахминий қиймати 5,2 миллиард сўмга баҳоланмоқда.
Ҳозирда олиб қўйилган дори воситалари юзасидан судга оид кимёвий ва товаршунослик экспертизалари тайинланган. Ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.






