АҚШ ва Эрон бир-бирига жавоб зарбаларини йўллади. Бу бир ойлик нисбий сукутдан сўнг ҳарбий ҳаракатлар бир ҳафта аввал қайта бошланганидан кейинги навбатдаги ҳужумлар бўлди. Бу ҳақда BBC нашри хабар берди.
АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) маълум қилишича, Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) АҚШ ҳарбийларининг икки кемасига баллистик ракеталар орқали ҳужум қилган. Шундан сўнг АҚШ кучлари Эронга тегишли учта нефть танкерини нишонга олган.
CENTCOM маълумотларига кўра, Харк ороли яқинидаги M/T Downy, Жоск яқинидаги M/T Stark 1 танкерлари ҳамда Уммон кўрфазидаги M/T Kylo танкери зарбалар натижасида ишдан чиқарилган.
АҚШ томони Эрон танкерлари ИИҚК ва унинг минтақадаги вакилларини молиялаштирувчи яширин тармоқнинг бир қисми эканини таъкидлаган.
CENTCOM қўмондони Бред Купер Эронга мурожаат қилиб, АҚШ кемаларига ҳужумлар давом этса, Вашингтон бунга янада кучли зарбалар билан жавоб беришини билдирди.
Ўз навбатида, Эрон давлат ОАВлари АҚШ зарбаларини тасдиқлаб, Теҳрон жавоб тариқасида АҚШ билан боғлиқ учта кема ҳамда Ҳурмуз бўғози орқали "рухсат этилмаган" йўналишда ҳаракатланаётган учта нефть танкерига ҳужум қилганини маълум қилди.
Эроннинг "Хатам ал-Анбиё" ҳарбий қўмондонлиги вакили Иброҳим Золфагарий эса АҚШ кемаларининг Эронга қарши ҳаракатлари давом этса, Яқин Шарқдаги Америка ҳарбий-денгиз кучларига зарбалар «аввалгидан ҳам кучлироқ» бўлишини айтди.






