АсосийЖАМИЯТ

"Кетма-кет сувга тушишган" — ФВВ Чорвоқда чўкиб кетганларни қидириш жараёни ҳақида маълумот берди

ФВВ Чорвоқ сув омборида чўкиб кетган ота ва икки ўғилни қидириш ишлари тўртинчи кундирки давом этаётганини маълум қилди.

'"Кетма-кет сувга тушишган" — ФВВ Чорвоқда чўкиб кетганларни қидириш жараёни ҳақида маълумот берди'ning rasmi

Ҳодиса 2 сентябрь куни Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги Чорвоқ сув омборида чўкиб кетган ота ва унинг икки ўғлини қидириш ишлари ҳануз давом этмоқда. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълум қилди.

Қайд этилишича, қидирув ишларига қутқарувчилар ва ғаввослардан иборат катта гуруҳ жалб қилинган. Улар 24 соат давомида иш олиб бормоқда.

Маълум бўлишича, оила катерда сайр қилиш учун сув омборига борган. Улар чўмилиш тақиқланган ҳудудда суратга тушиш учун тўхтаб, кейинчалик сувга тушган. Чўмилиш вақтида ҳимоя нимчаларидан фойдаланилмаган.

ФВВ вакилига кўра, биринчи фарзанднинг оёғи сувда тортишиб қолган. Уни қутқариш учун отаси, кейин эса иккинчи ўғли сувга тушган ва учаласи ҳам чўкиб кетган.

Ҳодиса вақтида катерда марҳумларнинг яқинлари ҳам бўлган. Улар ёрдам сўраган, катер ҳайдовчиси эса сувга тушиб, уларни қутқаришга уринган, аммо бунинг уддасидан чиқа олмаган.

Ҳозир қидирув ишларига бешта қутқарув отряди ва еттита қутқарув бригадаси жалб этилган. Сув омборининг чуқурлиги ва ҳудуднинг кенглиги қидирув ишларини мураккаблаштирмоқда.

    Бошқа янгиликлар

    "Кетма-кет сувга тушишган" — ФВВ Чорвоқда чўкиб кетганларни қидириш жараёни ҳақида маълумот берди - Darakchi.uz