2026 йилнинг январь–июнь ойларида 5 минг 422 нафар Ўзбекистон фуқароси доимий яшаш мақсадида хорижий давлатларга кўчиб кетган. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси маълумот берди.
Қайд этилишича, мазкур кўрсаткич 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 129 нафарга ёки 2,3 фоизга камайган.
Доимий яшаш учун хорижга кўчиб кетганларнинг асосий қисми Қозоғистон ва Россия ҳиссасига тўғри келган. Хусусан, кўчиб кетганларнинг 83 фоизи Қозоғистонга, 14,1 фоизи Россияга йўл олган.
Шунингдек, 0,8 фоиз фуқаро Корея Республикасига, 0,6 фоизи Қирғиз Республикасига кўчиб кетган. Қолган 1,5 фоиз бошқа давлатлар ҳиссасига тўғри келади.
Ҳудудлар кесимида хорижга доимий яшаш учун кўчиб кетганлар сони энг кўп Қорақалпоғистон Республикасида қайд этилган — 1 899 нафар.
Кейинги ўринларни Тошкент вилояти — 1 431 нафар ва Навоий вилояти — 1 203 нафар билан эгаллаган.
Тошкент шаҳридан 492 нафар, Хоразм вилоятидан 79 нафар, Бухоро вилоятидан 59 нафар, Жиззах вилоятидан 50 нафар ва Самарқанд вилоятидан 48 нафар киши хорижга доимий яшаш учун кўчиб кетган.
Сирдарё вилоятида бу кўрсаткич 39 нафар, Наманган вилоятида 37 нафар, Фарғона вилоятида 28 нафар, Андижон вилоятида 27 нафар, Қашқадарё вилоятида 21 нафар ҳамда Сурхондарё вилоятида 9 нафарни ташкил этган.






