АсосийЖАМИЯТ

“Суратга тушиш учун тўхтаган”: Чорвоқда 3 киши қандай чўкиб кетгани маълум бўлди

Ҳодиса 2 сентябрь куни Чорвоқ сув омборининг Бурчмулла маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан оқиб ўтувчи қисмида содир бўлган.

'“Суратга тушиш учун тўхтаган”: Чорвоқда 3 киши қандай чўкиб кетгани маълум бўлди'ning rasmi

Тошкент вилоятидаги Чорвоқ сув омборида 3 нафар фуқаронинг чўкиб кетиши тафсилотлари маълум қилинди. Уларнинг чўмилиш тақиқланган ҳудудда катерни тўхтатиб, қутқарув нимчаларисиз сувга тушгани айтилмоқда. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот котиби Мурод Содиқов маълум қилди.

Ҳодиса 2 сентябрь куни Чорвоқ сув омборининг Бурчмулла маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан оқиб ўтувчи қисмида содир бўлган.

ФВВ қутқарув отряди командири Рустам Бўриевнинг айтишича, бир оила катерда сув омбори бўйлаб сайр қилган. Улар суратга тушиш учун чўмилиш тақиқланган ҳудудда катерни тўхтатган ва кейинчалик шу жойда сувга тушишга қарор қилган.

Катер ҳайдовчиси уларга сувга тушишдан аввал қутқарув нимчаларини кийишни тавсия қилган. Бироқ фуқаролар бу тавсияга амал қилмаган.

Сувга тушган фарзандлардан бирининг оёғига томир тортиб қолган. Уни қутқариш учун отаси сувга тушган. Кейин иккинчи ўғил ҳам уларнинг ортидан сувга кирган.

Шу тариқа ота ва унинг икки ўғли кетма-кет чўкиб кетган.

“Бу жуда тез содир бўлган”, деган Рустам Бўриев.

Унинг таъкидлашича, ҳодиса вақтида ҳудудда шамол бўлган ва сувда енгил тўлқин кузатилган.

Ҳодиса пайтида катерда марҳумларнинг аёли ва яна бир яқин қариндоши ҳам бўлган. Улар атрофдагилардан ёрдам сўраган. Катер ҳайдовчиси сувга тушиб, фуқароларни қутқаришга уринган, аммо уларни қутқаришнинг имкони бўлмаган.

Айни вақтда чўкиб кетган фуқароларни қидириш ишлари давом эттирилмоқда. Қидирув-қутқарув ишларига 5 та қутқарув отряди ва сувда ҳаракатланаётган 7 та қутқарув бригадаси жалб қилинган.

ФВВ раҳбарияти топшириғига кўра, Сирдарё ва Жиззах вилоятларидан ҳам қутқарув отрядлари Чорвоққа юборилган.

Ҳодиса жойида махсус штаб ташкил этилган. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбарияти ҳамда ҳамкор хизматлар томонидан қидирув ишлари узлуксиз давом эттирилмоқда.

    Бошқа янгиликлар

    “Суратга тушиш учун тўхтаган”: Чорвоқда 3 киши қандай чўкиб кетгани маълум бўлди - Darakchi.uz