Ғофуржон Мирзаев Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раиси лавозимига тайинланди. Бу ҳақда Ўзбекистон президентининг тегишли фармони қабул қилинди.
Фармонга кўра, Ғофуржон Мирзаев бош вазир ўринбосари — Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раиси лавозимига тайинланган. Шу муносабат билан у президентнинг кадрлар бўйича маслаҳатчиси лавозимидан озод этилди.
Бунга қадар Ғофуржон Мирзаевнинг номзоди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан маъқулланган эди.
Ушбу лавозимда у 2024 йил январидан буён Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раиси сифатида ишлаб келган Қаҳрамон Қуронбоевнинг ўрнини эгаллади.
Ғофуржон Мирзаев 1964 йил 21 апрелда Фарғона вилоятида туғилган.
У 1990 йилда Тошкент политехника институтини муҳандис-электрик мутахассислиги бўйича тамомлаган. 2000 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетини сиртқи таълим шаклида иқтисодчи мутахассислиги бўйича битирган.
Мирзаев 2016 йилдан Сирдарё вилояти ҳокими сифатида фаолият юритган. 2020 йилда у мазкур лавозимга қайта тасдиқланган.
2022 йилда Ғофуржон Мирзаев президентнинг давлат хизмати, аҳоли билан мулоқот ва маҳаллий ҳокимият органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси этиб тайинланган.






