Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Хитой Коммунистик партияси Марказий қўмитаси Халқаро алоқалар бўлими мудири Лю Хайсин бошчилигидаги Хитой Халқ Республикаси делегациясини қабул қилди. Учрашув бугун, 7 сентябрь куни бўлиб ўтди.
Мулоқот аввалида Лю Хайсин давлатимиз раҳбарига Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг самимий саломи ва эзгу тилакларини етказди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар сўнгги йилларда икки давлат ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатлари янги босқичга кўтарилганини қайд этди.
Ўзаро товар айирбошлаш ва инвестициялар ҳажми ортиб бораётгани, Хитой компаниялари иштирокида қўшма лойиҳалар ҳамда корхоналар сони кўпайиб бораётгани таъкидланди.
Шунингдек, парламентлараро ва партиялараро алоқаларни мустаҳкамлаш, олий ва касбий таълим соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш масалаларига эътибор қаратилди.
Учрашувда Ўзбекистонда Хитойнинг етакчи олий таълим муассасалари филиалларини очиш муҳимлиги ҳам қайд этилди.
Мулоқот якунида парламентлараро ва партиялараро ҳамкорликни кенгайтириш бўйича қўшма “йўл харитаси”ни қабул қилишга келишиб олинди.






