Келаси йил март ойидан Тошкент–Нукус йўналишида тезюрар поезд қатнови йўлга қўйилади. Натижада икки шаҳар ўртасидаги сафар вақти 16 соатдан 7 соатга қисқаради. Бу ҳақда 19 сентябрь куни Нукус шаҳрида Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган Қорақалпоғистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда маълум қилинди.
Йиғилишда Қорақалпоғистоннинг барча туманларида аҳоли турмуш шароитини яхшилашга қаратилган инфратузилма ва ижтимоий лойиҳалар амалга оширилаётгани таъкидланди. Жумладан, Бўзатовда замонавий санаторий, Нукусда онкология ва радиология маркази, Қўнғиротда болалар шифохонаси ва туғруқхона ишга туширилган. Амударё ва Тўрткўлда 2 минг ўринли амфитеатрлар, Нукусда гимнастика маркази ҳамда Консерватория филиали фойдаланишга топширилган.
Транспорт инфратузилмаси бўйича ҳам йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Осиё тараққиёт банки маблағлари ҳисобидан А-380 магистралининг Қўнғиротдан ўтувчи 240 километри бетон қопламали қилинган. Кеча эса йўлнинг Тўрткўл, Элликқалъа ва Беруний туманларидан ўтувчи яна 92 километрини қуриш бошланган. Ушбу лойиҳанинг қиймати 233 миллион долларни ташкил этади.
Янги йўллар ишга тушиши натижасида транзит ҳажми 1,5 баробар ошиши кутилмоқда. Тўрткўлга кирган юклар Қозоғистон чегарасига аввалги бир сутка ўрнига 10 соатда етиб бориши мумкин бўлади.
Шунингдек, “Туямўйин” сув тозалаш иншоотини реконструкция қилиш ва Қўнғиротдан Мўйноққа 100 километрлик ичимлик сув тармоғини тортиш ишлари бошланади.






