АсосийСИËСАТ

Балиқчида халқаро стандартларга мос спорт анжомлари ишлаб чиқарилмоқда

Президент корхонадаги ишлаб чиқариш жараёни ва тайёр маҳсулотлар намуналарини кўздан кечирди.

'Балиқчида халқаро стандартларга мос спорт анжомлари ишлаб чиқарилмоқда'ning rasmi

Балиқчи туманидаги “LB Sport” корхонасида 18 та спорт тури учун 65 хил маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда. Корхона маҳсулотлари нафақат ички бозорда, балки хорижда ҳам сотилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев 23 сентябрь куни Андижон вилоятига ташрифи доирасида Балиқчи туманидаги “LB Sport” корхонаси фаолияти билан танишди.

Мамлакатда спорт саноатини ривожлантириш, хусусий секторни соҳага кенг жалб этиш ҳамда импорт ўрнини босувчи, халқаро стандартларга мос маҳсулотлар ишлаб чиқаришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

“LB Sport” спорт анжомлари ишлаб чиқарувчи маҳаллий корхоналардан бири бўлиб, айни пайтда 20 дан ортиқ спорт федерацияси билан ҳамкорлик қилмоқда.

Корхонада 18 та спорт тури бўйича 65 хил маҳсулот ишлаб чиқарилади. Йиллик ишлаб чиқариш қуввати 500 минг дона бўлиб, маҳсулотларнинг умумий қиймати 75 миллиард сўмни ташкил этади. Лойиҳанинг умумий қиймати эса 25 миллиард сўм бўлиб, у тадбиркорнинг ўз маблағлари ҳисобидан молиялаштирилган.

Корхона маҳсулотлари сифат жиҳатидан хорижий муқобиллари билан рақобатлаша олади. Шу билан бирга, уларнинг нархи нисбатан арзон. Тайёр маҳсулотлар Қозоғистон, Қирғизистон ва МДҲнинг бошқа давлатларига экспорт қилинмоқда. Йиллик экспорт ҳажми 3 миллион долларни ташкил этади.

Корхонада аҳоли бандлигини таъминлашга ҳам эътибор қаратилган. Хусусан, Балиқчи туманидаги 800 та кам даромадли оила билан касаначилик асосида ҳамкорлик йўлга қўйилган. Касаначиларнинг 90 фоизини аёллар, 65 фоизини эса 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади.

Шунингдек, корхонада таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси йўлга қўйилган. Тумандаги 1- ва 2-сон техникумларнинг 100 нафар ўқувчиси дуал таълим асосида таҳсил олмоқда. Улар назарий билимларини бевосита ишлаб чиқариш жараёнида мустаҳкамламоқда.

Президент корхонадаги ишлаб чиқариш жараёни ва тайёр маҳсулотлар намуналарини кўздан кечирди.

Корхонани янада ривожлантириш режалари ҳам тақдим этилди. Унга кўра, 2027 йилда хорижий инвестициялар иштирокида спорт велосипедлари ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган.

Ташриф давомида давлат раҳбари иқтидорли ёшлар ва корхона ишчилари билан ҳам мулоқот қилди. 

    Бошқа янгиликлар

    Балиқчида халқаро стандартларга мос спорт анжомлари ишлаб чиқарилмоқда - Darakchi.uz