Балиқчи туманидаги Сунъий интеллект марказида ёшларга замонавий касблар ўргатилиб, уларнинг стартап лойиҳалари қўллаб-қувватланмоқда. Марказда 100 та иш ўрни яратилган.
Президент Шавкат Мирзиёев 23 сентябрь куни Андижон вилоятига ташрифи доирасида Балиқчи туманидаги Сунъий интеллект марказига бориб, ёшларнинг стартап лойиҳалари билан танишди.
“Akademiya IT Star” корхонаси томонидан ташкил этилган марказ давлат раҳбарининг 2024 йил 26 февралда рақамлаштириш соҳасида хизматлар экспортини ривожлантиришга доир қабул қилинган қарори асосида барпо этилган.
Ахборот технологияларига талаб ортиб бораётгани инобатга олиниб, марказда ёшларга маркетинг, дастурлаш ва робототехника йўналишларида таълим берилмоқда. Улар олган билимларини амалий лойиҳаларда қўллаш имкониятига эга.
Лойиҳанинг умумий қиймати 15 миллиард сўмни ташкил этади. Марказда 100 та иш ўрни яратилган.
Марказ қишлоқ ва туман ёшларига бошқа ҳудудларга бормасдан, ўз яшаш жойида замонавий касбларни эгаллаш имконини бермоқда.
Бу ерда маҳаллий тадбиркорларга ҳам сунъий интеллект асосида бизнесни ривожлантириш бўйича маслаҳат ва ахборот технологиялари хизматлари кўрсатилади. Шу кунга қадар 500 дан ортиқ тадбиркорлик субъектига жами 8,5 миллиард сўмлик хизмат кўрсатилган.
Айни пайтда вилоятдаги 65 мингта тадбиркорлик субъекти учун SMM-менежер, мобилограф, график дизайнер, маркетолог, маълумотлар таҳлилчиси ва сунъий интеллект мутахассисларига бўлган эҳтиёж 129 минг нафардан ортиқни ташкил этмоқда.
Марказдаги таълим дастурлари ҳам ушбу эҳтиёждан келиб чиқиб шакллантирилган.
Президент ёшлар томонидан ишлаб чиқилган стартап лойиҳалар билан танишди. Мулоқот давомида йигит-қизлар мамлакатда стартап экотизимини янада ривожлантиришга қаратилган ташаббус ва таклифларини билдирди.






