Балиқчи туманида “Chinobod real biznes” корхонаси томонидан форель етиштиришга ихтисослашган замонавий мажмуа ташкил этилди. Бу ерда йилига 200 тонна балиқ гўшти ва 2,5 миллион дона балиқ чавоғи етиштириш режалаштирилган.
Президент Шавкат Мирзиёев 23 сентябрь куни Андижон вилоятига ташрифи доирасида Балиқчи туманидаги “Chinobod real biznes” корхонасининг балиқ етиштириш лойиҳаси билан танишди.
Мазкур лойиҳа давлат раҳбарининг жорий йил 2 июлдаги балиқчилик тармоғини ривожлантиришга оид фармони асосида амалга оширилган. Корхона водийдаги балиқчилик хўжаликларининг форель чавоғига бўлган эҳтиёжини қондиришга хизмат қилади.
Лойиҳанинг умумий қиймати 30 миллиард сўм бўлиб, корхонада 30 та иш ўрни яратилган.
Икки гектар майдонда ташкил этилган замонавий мажмуада йилига 200 тонна балиқ гўшти ва 2,5 миллион дона балиқ чавоғи етиштирилади. Йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 50 миллиард сўмни ташкил этади.
Мажмуада интенсив технологиялардан фойдаланилмоқда. Бунинг натижасида икки гектар майдонда анъанавий усулдаги 100 гектарлик ҳавзаларда олинадиган ҳажмда маҳсулот етиштириш имкони яратилган.
Шунингдек, мажмуада икки миллион литр ҳажмдаги сувни табиий усулда тозалаш имконини берувчи лаборатория ташкил этилган. Унда сув сифатини яхшилашга хизмат қилувчи хлорелла сув ўти етиштирилади. Экологик тоза тизим балиқ етиштириш самарадорлигини яна 15–20 фоизга ошириш имконини беради.
Корхонанинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжи қуёш панеллари орқали тўлиқ қопланади. Балиқ етиштириш ҳавзларидан чиққан фосфор, аммиак ва кальций каби моддаларга бой сув экинларни суғоришга йўналтирилади. Шу тариқа мажмуада сув ва бошқа ресурслардан қайта фойдаланиш тизими яратилган.
Корхона Қирғизистон, Тожикистон ва Афғонистонга йилига 2 миллион дона форель чавоғи экспорт қилмоқда. Йиллик экспорт ҳажми 2 миллион долларни, бюджетга тушум эса 5 миллиард сўмни ташкил этади.
Лойиҳа аҳоли бандлигини таъминлашга ҳам хизмат қилмоқда. Балиқчи туманидаги Сарвул маҳалласида 20 та хонадон корхона билан кооперация асосида форель етиштириб, қўшимча даромад олмоқда.
Мажмуада таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси ҳам йўлга қўйилган. Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти билан ҳамкорликда “Балиқчилик ва паррандачилик амалиёт маркази” ташкил этилган. Бу ерда талабалар назарий билимларини ишлаб чиқариш жараёнида мустаҳкамлаб, амалий кўникмаларини оширмоқда.
Давлат раҳбари бундай юқори самарали лойиҳалар аҳоли бандлигини таъминлаш ва озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Масъулларга кичик майдонларда интенсив усулларни қўллаш орқали маҳсулот ҳажмини бир неча баробар ошириш бўйича ушбу тажрибани кенг оммалаштириш ҳамда янги лойиҳаларни кўпайтириш юзасидан топшириқлар берилди.






