АсосийСИËСАТ

Андижонда Шинжон усулида етиштирилган пахта ҳосилдорлиги икки баробар оширилмоқда

Мазкур технология пахтачиликда ҳосилдорликни ошириш, сув ва ўғит сарфини камайтириш ҳамда ғўзани парваришлаш харажатларини қисқартириш имконини бермоқда.

'Андижонда Шинжон усулида етиштирилган пахта ҳосилдорлиги икки баробар оширилмоқда'ning rasmi

Президент Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятига ташрифи давомида “Агрокластер Олтинкўл” корхонасида Шинжон усули асосида пахта етиштириш жараёни билан танишди.

Мазкур технология пахтачиликда ҳосилдорликни ошириш, сув ва ўғит сарфини камайтириш ҳамда ғўзани парваришлаш харажатларини қисқартириш имконини бермоқда.

“Агрокластер Олтинкўл”нинг умумий экин майдони 850 гектарни ташкил этади. Шундан 23 гектарида Шинжон усули асосида пахта етиштириш йўлга қўйилган.

Ушбу технологияда чигит плёнка остига қўш қаторлаб экилади. Бу тупроқдаги намлик ва ҳароратни барқарор сақлаш, чигитнинг эрта ҳамда бир текис униб чиқишини таъминлашга хизмат қилади.

Томчилатиб суғориш ва озиқлантириш тизими орқали сув ҳамда ўғит бевосита ғўза илдизига етказилади. Натижада сув сарфи 40 фоизгача, ўғит сарфи эса қарийб 30 фоизга тежалади.

Анъанавий усулда бир гектар майдондан ўртача 30–35 центнер пахта олинса, Шинжон технологиясида бу кўрсаткич 60–70 центнерга етмоқда. Шунингдек, плёнка остида шаклланган микроиқлим туфайли ҳосилни анъанавий усулдаги майдонларга нисбатан 10–15 кун эртароқ йиғиб олиш мумкин.

Корхонада агротехник тадбирларнинг асосий қисми агродронлар ёрдамида амалга оширилмоқда. Бу махсус техникаларга бўлган эҳтиёж ва ёқилғи сарфини сезиларли даражада камайтириш имконини бермоқда.

Шинжон усулини жорий этиш мамлакатда қишлоқ хўжалигига замонавий технологияларни татбиқ қилиш, илмий ёндашувларни ишлаб чиқаришга олиб кириш ва ресурслардан самарали фойдаланиш бўйича амалга оширилаётган ишлар доирасида йўлга қўйилган.

Давлат раҳбарига лойиҳанинг натижалари, иқтисодий самарадорлиги ҳамда технологияни келгусида кенгайтириш режалари ҳақида ахборот берилди.

    Бошқа янгиликлар

    Андижонда Шинжон усулида етиштирилган пахта ҳосилдорлиги икки баробар оширилмоқда - Darakchi.uz