АсосийДУНË

Мингта иш ўрни яратаётган корхоналарга грант берилади

Кўп иш ўрни яратаётган корхоналарни қўллаб-қувватлаш учун янги рағбатлантириш чоралари белгиланди.

'Мингта иш ўрни яратаётган корхоналарга грант берилади'ning rasmi

Андижонда Жалақудуқ, Марҳамат, Асака ва Андижон туманларидаги адир ерларни иқтисодий айланмага киритиш учун баҳоргача 4–5 минг гектар майдонга сув чиқарилади. Бу мақсадлар учун 30 миллион доллар ва адирларга сув етказиб беришга 200 миллиард сўм ажратилади.

Бунинг учун алоҳида “Агростар” компанияси ташкил этилиб, шафтоли, гилос, ўрик ва олхўри каби саноатлашган боғлар барпо этилади. Боғлар уч йил давомида парвариш қилиниб, кейин аҳолига тайёр ҳолда таклиф этилади.

Вилоятда мева-сабзавотчиликда “гектардан — максимал қиймат” тамойилига ўтилади. Ҳозирда етиштирилаётган мева-сабзавотнинг 16 фоизи қайта ишланаётган бўлса, бу кўрсаткични 30 фоизга етказиш мақсад қилинган. Экспорт ҳажмини эса 500 миллион долларга чиқариш кўзда тутилмоқда.

Кичик қайта ишлаш ускуналарини аҳолига лизинг асосида бериш учун 100 миллиард сўм йўналтирилади. Шунингдек, туманларнинг ўзига хос маҳсулотларини оммалаштириш учун уларнинг брендларини яратиш чоралари кўрилади.

Балиқчи туманида 5 гектар майдонда ташкил этилган иссиқхона лойиҳаси тажрибаси ҳам республика бўйлаб оммалаштирилади. Бунинг учун 300 миллиард сўм, жумладан, Андижон вилоятига 50 миллиард сўм ажратилади.

Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида чорвачилик, паррандачилик ва балиқчиликда йирик комплекслар сони ҳам кўпайтирилади.

Улуғнорда пахтадан озуқа экинларига ўтказилган 5 минг гектар майдонда камида 10 минг бош қорамол боқиш имконияти яратилади. Улуғнор ва Бўстонда йирик чорвачилик комплекслари лойиҳалари ишлаб чиқилади.

Балиқчидаги паррандачилик кластери тажрибаси асосида Жалақудуқда 4 та, Хўжаободда 3 та йирик паррандачилик комплекси ташкил этиш вазифаси қўйилди. Айни пайтда Балиқчидаги кластерда парранда боқиш, сўйиш, гўштни қайта ишлаш ва қадоқлашни қамраб олган тўлиқ ишлаб чиқариш занжири мавжуд.

Шунингдек, Улуғнордаги 1 минг 200 гектар майдонда Балиқчи тумани тажрибаси асосида балиқчилик кластери ташкил этилади.

Пахта етиштирувчи фермерлар ва кластерларга ҳам қўшимча кўмак берилади. Пахтани биржада сотган фермерга ҳам, уни харид қилган кластерга ҳам ҳар тонна учун 500 минг сўмдан субсидия ажратилади. Ўз ерида пахта етиштирган кластерлар эса ҳар гектар учун 1,5 миллион сўмдан субсидия олади.

Тайёр маҳсулот экспортчиларининг хорижий валютадаги кредитлари бўйича 5 фоиздан, миллий валютадаги кредитлари бўйича эса 14 фоиздан ошган фоиз тўловларини уч йил давомида компенсация қилиш бўйича таклифлар тайёрланади. Маркетплейслар орқали сотилган маҳсулот қийматининг 3 фоизини қайтариш масаласи ҳам кўриб чиқилади.

Кўп иш ўрни яратаётган саноат корхоналари учун ҳам янги имтиёзлар белгиланади. Камида 1 минг нафар ишчиси бўлган корхоналарда ходимларни ўқитиш, малакасини ошириш ҳамда уларни иш жойига олиб келиш ва олиб кетиш билан боғлиқ транспорт харажатларининг 50 фоизи компенсация қилинади.

Бундай корхоналарда камида беш йил ишлаган ходимларнинг фарзандлари учун контракт тўловлари қоплаб берилади. Иш ўринлари сони 1 мингтага яқинлашаётган корхоналарга ҳам алоҳида грантлар ажратилади. Бу йўналиш учун Андижонга 20 миллион доллар берилади.

    Бошқа янгиликлар

    Мингта иш ўрни яратаётган корхоналарга грант берилади - Darakchi.uz