Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Нью-Йорк шаҳрида АҚШнинг “BlackRock” инвестиция компанияси раҳбарияти вакиллари билан учрашди.
Мулоқотда компания президенти Роберт Капито, вице-раиси Томас Донилон, “Global Infrastructure Partners” раиси ва бош ижрочи директори Адебайо Огунлеси, шунингдек, компаниянинг молиявий ва стратегик инвесторлар гуруҳи глобал раҳбари ҳамда Яқин Шарқ бўйича раҳбари Чарльз Хатами иштирок этди.
Учрашувда Тошкент халқаро молия марказини 2027 йилда ишга тушириш масаласи муҳокама қилинди. “BlackRock” Марказ концепцияси ва тузилмасини ишлаб чиқишда Ўзбекистонга кўмаклашмоқда.
Шунингдек, АҚШ ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида қўшма давра суҳбати ўтказилди. Унда Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг яқин ўн йилликлардаги ривожланиш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.
Саида Мирзиёева Ўзбекистон йирик, самарали ва сифатли инвестициялар учун янги имкониятлар майдонига айланаётганини таъкидлади.






