Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Каспий денгизидаги машғулотлар вақтида ҳарбий хизматчиларнинг ҳалок бўлгани муносабати билан Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ва Қозоғистон халқига ҳамдардлик билдирди.
Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг матбуот котиби маълум қилди.
Давлат раҳбари ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия билдириб, уларга сабр-тоқат ва матонат тилади.
Маълумот учун, 24 сентябрь куни Қозоғистоннинг Манғистау вилоятида Қуролли Кучлар Ҳарбий-денгиз кучлари томонидан ўқув-жанговар топшириқ бажарилаётган вақтда Каспий денгизида фожиа содир бўлган. Метеорологик шароитнинг кескин ёмонлашиши ва шамолнинг кучайиши оқибатида 19 нафар ҳарбий хизматчи денгизга оқиб кетган.
Дастлаб 9 нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлгани маълум қилинган. Кейинчалик ҳалок бўлганлар сони 12 нафарга етган.
Ҳодиса юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Шунингдек, фожиа сабабларини ўрганиш учун ҳукумат комиссияси тузилган.
Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев 25 сентябрь кунини мамлакатда умуммиллий мотам куни деб эълон қилди. Оқтов шаҳрида Шаҳар куни муносабати билан ўтказилиши режалаштирилган байрам тадбирлари ҳам бекор қилинди.






