АсосийЖИНОЯТ

Қибрайда 10 миллион долларлик “гашиш” ушланди

Ҳолат юзасидан Божхона қўмитасининг Суриштирув ва маъмурий амалиёт бошқармаси томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов органига юборилган.

'Қибрайда 10 миллион долларлик “гашиш” ушланди'ning rasmi

Тошкент вилояти Қибрай туманида дарахтлар орасига яширилган қарийб 95 килограмм “гашиш” гиёҳвандлик воситаси аниқланди. Унинг қора бозордаги қиймати 10 миллион АҚШ долларидан ошиши мумкин бўлган.

Божхона қўмитаси маълум қилишича, қўмита Контрабандага қарши курашиш бошқармаси ходимлари Давлат хавфсизлик хизмати билан ҳамкорликда Қибрай туманида тезкор тадбир ўтказган.

Тадбир давомида даладаги дарахтлар орасига яширилган 4 та хўжалик қопи аниқланган. Қоплар ичида 109 та ўрам бўлиб, Божхона қўмитаси Марказий божхона лабораторияси хулосасига кўра, улардаги модда қарийб 95 килограмм “гашиш” экани тасдиқланган.

Шундан сўнг ҳудуд гиёҳвандлик воситасини олиб кетиш учун келиши мумкин бўлган шахсларни аниқлаш мақсадида кузатувга олинган. Орадан 8 кун ўтиб, гиёҳвандлик воситасини олиб кетиш учун келган икки нафар фуқаро ушланган.

Тергов ҳаракатлари давомида гиёҳвандлик воситасини мазкур жойга яшириб кетиш ва кейинчалик олиб кетиш ҳақида топшириқ берган шахс ҳам аниқланиб, қўлга олинган.

Маълум қилинишича, жиноятни ташкил қилган шахс аввал ҳам бензин контрабандаси билан боғлиқ жиноят содир этгани учун Божхона қўмитаси томонидан қўзғатилган жиноят иши доирасида жавобгарликка тортилган.

Ҳолат юзасидан Божхона қўмитасининг Суриштирув ва маъмурий амалиёт бошқармаси томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов органига юборилган.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ушбу гиёҳвандлик воситаларининг қора бозордаги қиймати, охирги истеъмолчига етиб борган тақдирда, 10 миллион АҚШ долларидан ошиши мумкин бўлган.

    Бошқа янгиликлар

    Қибрайда 10 миллион долларлик “гашиш” ушланди - Darakchi.uz