Тошкентда фуқарони сохта ҳужжатлар асосида хусусий олий таълим муассасасининг 3-босқичига ўқишга киритиш эвазига 8 минг доллар талаб қилиб, 7500 доллар олган шахс ушланди. Бу ҳақда ДХХ Тошкент шаҳар бошқармаси, Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ва ИИВ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда аниқланган.
Маълум қилинишича, 1997 йилда Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида туғилган шахс фуқарони Россиядаги ОТМлардан бирида икки йил таҳсил олгани ҳақидаги сохта ҳужжатлар асосида пойтахтдаги хусусий ОТМнинг 3-босқичига киритиб қўйишни ваъда қилган. У 7500 доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Тезкор тадбир давомида ундан 7500 долларни олган, 1993 йилда туғилган фуқаро ҳам қўлга олинган. Терговга қадар текширувда мазкур ишга Яккасарой тумани ИИО ФМБ инспектор-психологи ҳам алоқадорлиги аниқланган. У ҳам 7500 долларни олган вақтида ушланган.
Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.






