АсосийСИËСАТ

Аграр соҳада субсидия ажратиш ва суғурталаш тизими ўзгаради

Президент Шавкат Мирзиёев 25 сентябрь куни аграр соҳада субсидия ажратиш ва суғурталаш тизимларини такомиллаштиришга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишди.

'Аграр соҳада субсидия ажратиш ва суғурталаш тизими ўзгаради'ning rasmi

Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигида субсидия ажратишнинг янги тизими жорий этилади. Бунда маблағлар харажатни қоплашга эмас, аниқ натижаларга боғланади. Шунингдек, аграр соҳада суғурта қамрови кенгайтирилади.

Президент Шавкат Мирзиёев 25 сентябрь куни аграр соҳада субсидия ажратиш ва суғурталаш тизимларини такомиллаштиришга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишди.

Қайд этилишича, сўнгги йилларда қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш кўлами кенгайган. Айни пайтда соҳадаги субсидиялар 29 та йўналиш ва 91 та турга етказилган бўлиб, бу мақсадлар учун 2,7 триллион сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилган.

Тақдимотда субсидияларни ажратишда янги ёндашув таклиф қилинди. Унга кўра, келгуси йилдан «маблағ ажратиш» моделидан «натижавий субсидия» моделига босқичма-босқич ўтилади.

Янги тизимда ҳосилдорлик, сув ва энергия тежамкорлиги, сарфланган ресурслар эвазига олинган маҳсулот ҳажми асосий мезонлар бўлади. Маълумотлар давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимларидан инсон омилисиз олинади.

Шунингдек, ҳар бир субсидия олувчининг электрон паспорти шакллантирилиб, натижалар онлайн кузатиб борилади.

Мазкур механизм дастлаб сув тежовчи технологияларни жорий этиш йўналишида синовдан ўтказилади. Субсидия ажратилганидан кейин икки-уч йил давомида сув сарфи, ҳосилдорлик ва сув унумдорлиги баҳоланади. Белгиланган кўрсаткичлар бажарилмаган тақдирда субсидия маблағларини қайтариш механизми қўлланилади.

Қишлоқ хўжалиги суғуртаси қамрови кенгайтирилади

Тақдимотда қишлоқ хўжалиги суғуртаси тизимини такомиллаштириш масаласи ҳам муҳокама қилинди.

Ҳозирда «Agrosafe» ахборот тизими орқали электрон ариза бериш, шартнома ва полисни расмийлаштириш, мониторинг, экспертиза ҳамда товон пулини тўлашгача бўлган жараёнлар рақамлаштирилган.

Келгусида боғ ва узумзорлардаги кўчат ҳамда дарахтлар, импорт қилинган чорва, шунингдек, тасодифий ҳодисалар билан боғлиқ хавфларни ҳам суғурталаш режалаштирилмоқда.

Чорвачилик, полизчилик, картошка ва пиёз етиштириш учун янги суғурта маҳсулотлари ҳам жорий этилади.

2027 йилда 45 мингта қишлоқ хўжалиги корхонасини суғурта билан қамраб олиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг суғурта қамровини 60 фоизга етказиш ва 500 нафар мустақил эксперт тайёрлаш мақсад қилинган.

Шу билан бирга, суғурта хизматларини тўлиқ рақамлаштириш кўзда тутилмоқда.

Янги ёндашувда нафақат зарарни қоплаш, балки хавфларнинг олдини олишга ҳам эътибор қаратилади. Шу мақсадда суғурта мукофотининг 3–5 фоизини махсус жамғармада шакллантириб, профилактика ва ҳимоя тадбирларига йўналтириш таклиф қилинди.

Президент субсидия ва суғурта тизимлари фермерлар учун содда ва қулай бўлиши, давлат маблағлари эса аниқ натижага хизмат қилиши зарурлигини таъкидлади.

Мутасаддиларга таклифларни такомиллаштириш ва тегишли ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш вазифаси топширилди.

    Бошқа янгиликлар

    Аграр соҳада субсидия ажратиш ва суғурталаш тизими ўзгаради - Darakchi.uz