Шавкат Мирзиёевнинг 18–19 сентябрь кунлари Қорақалпоғистонга ташрифи чоғида ижтимоий тармоқларда Муҳаммадали исмли боланинг давлат раҳбари билан учрашиш истаги билдирилган видеоси тарқалди.
Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси хабарига кўра, Президент видеомурожаатни кўриб, боланинг самимий тилакларидан мамнун бўлган ва унга миннатдорлик мактуби йўллаган.

"Сен ҳам улғайганингда аждодларимизга муносиб, эл-юртига фойдаси тегадиган инсон бўлишингни истайман", — дейилади мактубда.

Президентнинг мактуби ва совғалари Жўқорғи Кенгесда тантанали равишда топширилди. Уларни Кенгес раиси Аманбай Ўринбаев тақдим этди.
Шунингдек, Муҳаммадалига алоҳида Президент совғаси, унинг ота-онаси ҳамда тарбияланаётган мактабгача таълим ташкилотига ҳам совғалар берилди.

Боланинг тарбиячиси Гулбаҳар Сапарова эса Жўқорғи Кенгес Президиуми қарори билан "Ватан фидойиси" кўкрак нишони билан тақдирланди.






