АсосийСИЁСАТ
Муаллиф: Darakchi.uz

Тошкентдан Паркентга электропоезд қатнови йўлга қўйилди

Йўл ҳақи 10 минг сўм.

'Тошкентдан Паркентга электропоезд қатнови йўлга қўйилди'ning rasmi

Президент Шавкат Мирзиёев 19 ноябрь куни Тошкентдан Паркент туманига электропоездда борди. Қиймати 535,4 миллиард сўм бўлган янги темир йўл тармоғи пойтахт ва туман ўртасидаги транспорт алоқасини яхшилаш, аҳоли ҳамда сайёҳлар учун қулайлик яратишга хизмат қилади.

Маълум қилинишича, Тошкент ва Паркентни боғлайдиган электрлаштирилган темир йўл линияси давлат раҳбарининг 2025 йил 27 январдаги қарори асосида қурилган. Унда электропоездлар қатнови жорий йил сентябрь ойидан йўлга қўйилган.

Лойиҳа доирасида 24 километрлик Байткўрғон — Паркент темир йўл тармоғи барпо этилди. Шунингдек, битта янги бекат, учта кўприк, автомобиль йўлўтказгичи, 77 та сув ўтказиш иншооти ҳамда 16 та автомобиль ва темир йўл кесишмаси қурилди.

Янги йўналишда олти вагондан иборат замонавий "EP3D" электропоезди ҳаракатланмоқда. Унинг қиймати 124 миллиард сўм бўлиб, 586 нафар йўловчига мўлжалланган. Поезд соатига 120 километргача тезликда ҳаракатлана олади.

Тошкентдан Паркентгача бўлган 57,6 километрлик масофани электропоезд 1 соат 13 дақиқада босиб ўтади. Йўл ҳақи 10 минг сўм этиб белгиланган. Бу мазкур йўналишдаги такси хизматининг ўртача нархидан 2,5 баробар арзон.

Янги йўналиш орқали кунига 2 минг нафаргача, йилига эса 300 минг нафар йўловчини ташиш имконияти мавжуд.

Электропоезд вагонлари кондиционер, қулай ўриндиқлар, USB қувватлаш қурилмалари ва бепул Wi-Fi билан жиҳозланган. Шунингдек, ногиронлиги бўлган шахслар учун махсус кўтаргичлар, велосипедлар учун жойлар ва электрон ахборот таблолари ўрнатилган. Хавфсизликни таъминлаш мақсадида видеокузатув ҳамда тўқнашув вақтида зарба кучини камайтирувчи тизимлар ҳам кўзда тутилган.

Лойиҳа доирасида 40 та янги иш ўрни яратилган.

Сафар давомида Президент Тошкент вилоятининг иқтисодий имкониятларидан самарали фойдаланиш масалаларига ҳам тўхталди. Хусусан, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат хавфсизлиги ва маҳсулотларни қайта ишлаш соҳаларини ривожлантириш имкониятлари қайд этилди.

Паркент вокзали билан танишув чоғида темир йўл инфратузилмасини яхшилаш, йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва вокзал атрофини ободонлаштириш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилди.

Янги темир йўл қатнови Паркентнинг сайёҳлик имкониятларини кенгайтириш ва туман аҳолисининг пойтахтга бориб-келишини осонлаштиришга қаратилган.

    Бошқа янгиликлар