АсосийСИËСАТ

Шавкат Мирзиёев туризм соҳаси ходимларига табрик йўллади

Ўзбекистон президенти 27 сентябрь — Бутунжаҳон туризм куни муносабати билан соҳа ходимларига табрик йўллади. Давлат раҳбари табригида туризм соҳасини 2030 йилгача ривожлантириш бўйича режаларни маълум қилди.

'Шавкат Мирзиёев туризм соҳаси ходимларига табрик йўллади'ning rasmi

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 27 сентябрь — Бутунжаҳон туризм куни муносабати билан соҳа ходимларига табрик йўллади.

Президент табригида туризм мамлакат иқтисодиётида муҳим ўрин эгаллаётгани таъкидланган. 2025 йилда Ўзбекистонга келган хорижий сайёҳлар сони 2016 йилга нисбатан қарийб олти баробар ошиб, 12 миллионга яқинлашган. Туризм хизматлари экспорти эса 11 карра кўпайиб, 4,8 миллиард долларга етган.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонни замонавий туристик инфратузилмага эга йирик сайёҳлик марказларидан бирига айлантириш мақсад қилинганини қайд этган.

Хивада халқаро туристик шаҳарча, конгресс маркази ва тарихий-этнографик боғ барпо этиш, Ичанқалъани рақамли технологиялар асосида "ақлли" музей-мажмуага айлантириш режалаштирилган. Самарқандда Ипак йўли музейи ташкил этилади. Қорақалпоғистонда археологик ёдгорликлар бўйлаб янги туристик йўналишлар очилади.

Шунингдек, Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманида "Ғилон", Наманган вилоятининг Поп туманида "Арашан" каби янги мажмуалар ташкил этилади.

Президент 2030 йилга бориб хорижий сайёҳлар сонини йилига 20 миллион нафарга, туризмнинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини 7 фоизга етказиш ҳамда хизматлар экспортини 8 миллиард доллардан ошириш мақсад қилинганини маълум қилди.

Табрикда туризм соҳаси ходимларини рағбатлантириш мақсадида "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган туризм ходими" фахрий унвони таъсис этилиши ҳам қайд этилган.

    Бошқа янгиликлар