АсосийСИËСАТ

Мактаб ва олий таълимда янги босқич: дарсликлар, дуал таълим ва халқаро ҳамкорлик

Президент Шавкат Мирзиёев мактаб ва олий таълим тизимидаги ислоҳотларнинг навбатдаги вазифаларига оид тақдимотлар билан танишди.

'Мактаб ва олий таълимда янги босқич: дарсликлар, дуал таълим ва халқаро ҳамкорлик'ning rasmi

Президент Шавкат Мирзиёев мактаб таълимида янги авлод дарсликларини жорий этиш, олийгоҳлар ва корхоналар ҳамкорлигида дуал таълимни ривожлантириш ҳамда Ляонин педагогика университетининг Ўзбекистондаги филиали фаолиятига оид тақдимотлар билан танишди.

Тақдимотда аввалги дарсликлар таҳлили натижалари кўриб чиқилди. Унга кўра, 260 та дарсликда 1257 та хато, 51 та дарсликда эса 464 та таржима хатоси аниқланган.

Шунингдек, айрим дарсликлардаги материаллар ўқувчиларнинг ёшига мос эмаслиги, мавзулар мураккаб баён қилингани ва ёдлашга ортиқча урғу берилгани қайд этилди. Бу эса ўқувчиларнинг мустақил таҳлил қилиши ҳамда олган билимларини амалиётда қўллашига етарлича хизмат қилмаган.

Янги дарсликларни тайёрлашда халқаро тажрибадан фойдаланилмоқда. Жумладан, бошланғич синф дарсликлари Финляндия таълим альянси сертификатидан ўтган. 5–7-синфлар учун математика, физика, кимё ва биология дарсликлари эса Сингапур тажрибаси асосида ишлаб чиқилган.

Янги ёндашувда ўқувчининг ҳар бир синф якунида нимани билиши ва нимани бажара олиши аниқ белгиланади. 2027 йилга қадар жами 1342 номдаги дарслик ва ўқув-методик материал тайёрлаш режалаштирилган.

Янги дарсликларда танқидий фикрлаш, мулоқот, ҳамкорлик ва ижодкорликни ривожлантиришга қаратилган топшириқларга алоҳида эътибор берилмоқда. Ўқувчининг тайёр жавобни ёдлаши эмас, балки савол бериши, маълумотни таҳлил қилиши, ўз фикрини асослаши ва ечим топишига урғу берилмоқда.

Шунингдек, ўқув материалларида касбга йўналтириш, экологик ва молиявий саводхонлик, рақамли кўникмаларни шакллантиришга қаратилган мавзулар ҳам қамраб олинади.

Тақдимотда янги дарсликларни самарали жорий этиш учун педагогларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш масаласига ҳам эътибор қаратилди. Шу асосда 110 минг нафар бошланғич синф ўқитувчиси малака оширгани, Сингапурлик ҳамкорлар билан 121 нафар мастер-тренер ва 739 нафар мураббий-ўқитувчи тайёрлангани маълум қилинди.

Президент янги таълим мазмунини жорий этишда дарсликлар билан бир қаторда педагогларнинг тайёргарлиги, ўқитиш усуллари ва баҳолаш тизими ҳам уйғунлаштирилиши зарурлигини таъкидлади.

Тақдимотда олийгоҳлар ва корхоналар ҳамкорлигида дуал таълимни кенгайтириш масаласи ҳам кўриб чиқилди.

Маълум қилинишича, Андижон вилоятида 11 минг нафар талаба 2 мингта корхонада дуал таълим асосида амалиёт ўтамоқда. Энди ушбу тажрибани бошқа ҳудудларда ҳам кенгайтириш режалаштирилган.

Шу мақсадда 3–4-босқич талабаларининг камида 80 фоизини, яъни 185 минг нафар ёшни дуал таълим билан қамраб олиш мақсади белгиланган. Дастлаб муҳандислик, ишлаб чиқариш, қурилиш ва қишлоқ хўжалиги каби соҳаларга устуворлик бериш кўзда тутилмоқда.

2027/2028 ўқув йилида 75 та олийгоҳ ва 3500 та корхонани дуал таълим тизимига жалб қилиш режалаштирилган.

Бундан ташқари, Хитойнинг Ляонин педагогика университетининг Ўзбекистондаги филиали фаолияти билан боғлиқ масалалар ҳам муҳокама қилинди.

Филиал Хива шаҳрида ташкил этилган бўлиб, унда таълим ўзбек, хитой ва инглиз тилларида олиб борилади. 2026 йил учун қабул квотаси 160 нафар этиб белгиланган, келгусида йиллик қабулни 500 нафарга, талабалар сонини эса 2 минг нафарга етказиш режалаштирилган.

Давлат раҳбари таълим дастурларини меҳнат бозори эҳтиёжлари билан уйғунлаштириш, дуал таълимни корхоналар билан яқин ҳамкорликда ташкил этиш ҳамда янги дарсликларни сифатли жорий қилиш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.

    Бошқа янгиликлар

    Мактаб ва олий таълимда янги босқич: дарсликлар, дуал таълим ва халқаро ҳамкорлик - Darakchi.uz