АсосийСИËСАТ

Президент шахматчилар билан учрашди

Президент Шавкат Мирзиёев шахмат ва парашахмат бўйича Ўзбекистон терма жамоалари аъзолари ҳамда уларнинг яқинлари билан учрашув ўтказди.

'Президент шахматчилар билан учрашди'ning rasmi

Давлат раҳбари спортчиларни Самарқандда ўтказилган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасидаги тарихий ғалаба билан яна бир бор табриклади.

“Икки карра Олимпиада чемпиони” деган юксак ва шарафли унвон барчамизга, бутун Ўзбекистон халқига муборак бўлсин!” — деди Президент.

Қайд этилганидек, Самарқанддаги Олимпиадада 200 дан зиёд мамлакатдан 2 мингга яқин шахматчи, жумладан, кучли гроссмейстерлар ва номдор жамоалар иштирок этди. Ўзбекистон терма жамоасининг мусобақада ғолиб бўлиши мамлакат шахмат тарихидаги муҳим натижа бўлди.

“Шундай улкан рақобат ичида Ўзбекистон байроғини энг баландга кўтариш — бу ҳақиқий жасорат, катта ақл-заковат ва мустаҳкам ирода намунасидир”, — деди Шавкат Мирзиёев.

Ғалабага Ўзбекистонда, халқ кўз ўнгида эришилгани унга алоҳида маъно бағишлагани таъкидланди. Олимпиадани бевосита кузатиш учун Самарқандга 60 мингдан зиёд меҳмон келган. Ҳудудлардаги фан-зоналарда қарийб 500 минг мухлис мусобақани кузатган, телеэкран ва интернет орқали эса миллионлаб юртдошларимиз баҳсларни томоша қилган.

Маълумот учун, 28 сентябрь куни Президентнинг 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси ва 3-Парашахмат олимпиадаси ғолиблари ҳамда иштирокчиларини мукофотлаш тўғрисидаги фармони эълон қилинди.

    Бошқа янгиликлар