Давлат раҳбари Олимпиада давомида Жавоҳир Синдаров яна бир бор совуққонлик ва барқарорлик намоён этгани, кучли рақиблар олдида ортга чекинмаганини таъкидлади.
“Энди олдингда яна бир улкан марра — жаҳон тожи учун беллашув турибди. Бугун ортинда нафақат жамоадошларинг ва устозларинг, балки қирқ миллионга яқин Ўзбекистон халқи турибди. Биз сенга ишонамиз!” — деди Шавкат Мирзиёев.
Йирик мусобақада илк бор иштирок этган Муҳиддин Мадаминов ҳал қилувчи кунда украиналик Роман Дехтярёвни қора доналарда мағлуб этиб, жамоага олтин медаль учун зарур очкони олиб келди.
Президент унинг ғайрати ва ғалабалари мухлислар меҳрини қозонганини таъкидлади.
Шамсиддин Воҳидов ҳам жамоанинг умумий натижасига муносиб ҳисса қўшди. Хусусан, у амалдаги жаҳон чемпиони Гукешга қарши қора доналарда тенгма-тенг курашиб, ўз салоҳиятини намоён этди.
“Бу олтин медалда жамоанинг ҳар бир аъзосининг машаққатли меҳнати ва улкан ҳиссаси бор”, — деди Президент.
Шавкат Мирзиёев шахматчилар ҳақида ҳали китоблар ёзилиши, фильмлар яратилиши ва уларнинг ўйин услуби дарсликлардан жой олишига ишонч билдирди.






