Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида эркаклар ва аёллар ўртасида жами олтита терма жамоа билан иштирок этганига эътибор қаратди. Барча таркибларнинг натижалари ва ўйин услуби жаҳон шахмат жамоатчилигида қизиқиш уйғотгани таъкидланди.
Эркаклар ўртасидаги Ўзбекистоннинг иккинчи жамоаси жаҳон рейтингида олтинчи ўринда турган Нидерландия терма жамоасини йирик ҳисобда мағлуб этди. Давлат раҳбари бу натижани ҳам муҳим ютуқ сифатида қайд этди.
Учинчи жамоа таркибида иштирок этган 17 ёшли Асроржон Омонов саккизта партиянинг еттитасида ғалаба қозонди. Президент унинг натижаси мамлакатда етишиб келаётган истеъдодли шахматчилар салоҳиятини намоён этганини таъкидлади.
“Бизда 2–3 нафар шахматчи эмас, балки бутун бошли кучли авлод бор десак, бу ҳам ҳақиқат”, — деди Шавкат Мирзиёев.
Президент ушбу авлод ва унинг ортидан келаётган ёшлар жаҳон шахматида ҳали кўплаб ютуқларга эришишига ишонч билдирди.






