Францияда ўқувчилар намойишлари давом этаётгани сабаб 5 октябрь куни 400–500 та мактабда дарслар тўлиқ ёки қисман тўхтатилади. Бу ҳақда мамлакат таълим вазири Эдуар Жефре маълум қилди.
Вазирнинг айтишича, мактабларда хавфсизликни таъминлаш имкони бўлмагани учун дарслар вақтинча тўхтатилади. Намойишлар бошланганидан буён мамлакатдаги 24 та мактаб ёқиб юборилган ёки талон-торож қилинган, 78 нафар таълим ходими эса жароҳатланган.
Ҳукумат дарсларни босқичма-босқич ва қисман тиклашни режалаштирмоқда. Намойишларда таълим тизими етарлича молиялаштирилмаётганидан норози бўлган минглаб ўқувчилар иштирок этмоқда.
Расмийларга кўра, намойишларга сиёсий фаоллар, хусусан, ўта сўл ҳаракат вакиллари ҳам қўшилган. Таълим вазири улар ўқувчилар ҳаракатини ўз манфаатларига буриб, зўравонликни кучайтирганини таъкидлади.
Жефренинг сўзларига кўра, тўқнашувлар вақтида жароҳатланган таълим ходимлари атайлаб нишонга олинган. У бундай ҳолат Францияда илк бор кузатилаётганини айтди.






