Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги доирасида трансчегаравий кибержиноятлар ва фирибгарлик схемаларига қарши тезкор курашиш учун Қўшма алоқа марказини ташкил этишни таклиф қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
9 октябрь куни Шавкат Мирзиёев Туркманистоннинг "Аваза" миллий сайёҳлик зонасида бўлиб ўтган МДҲ Давлат раҳбарлари кенгашининг тор доирадаги мажлисида иштирок этди.
Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов раислигида ўтган саммитда Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев, Беларусь Президенти Александр Лукашенко, Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Россия Президенти Владимир Путин, Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон, Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ҳамда МДҲ Бош котиби Сергей Лебедев қатнашди.
Йиғилишда Ҳамдўстлик доирасидаги кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Шавкат Мирзиёев нутқида МДҲ ташкил топганининг 35 йиллиги билан иштирокчиларни табриклаб, бугунги мураккаб халқаро вазиятда давлатлар ўртасида ишончни мустаҳкамлаш ва келишувларнинг амалий натижадорлигини таъминлаш муҳимлигини таъкидлади.
Президент савдо-инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, техник тўсиқларни бартараф этиш ва Эркин савдо зонасининг тўлиқ ишлашини таъминлаш зарурлигини қайд этди. Шунингдек, озиқ-овқат хавфсизлиги, саноат кооперацияси ва ўзаро инвестициялар ҳажмини ошириш масалаларига тўхталди.
Транспорт соҳасида интеграциялашган логистика марказларини ташкил этиш, транзит харажатларини қисқартириш, юк ташиш қоидаларини бирхиллаштириш ҳамда МДҲнинг ягона транспорт ахборот тизимини шакллантириш таклиф қилинди. Мирзиёев Туркманистоннинг 2029 йилни Ҳамдўстликнинг транспорт боғлиқлиги йили деб эълон қилиш ташаббусини ҳам қўллаб-қувватлади.
Энергетика хавфсизлиги ва иқлим ўзгариши масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Давлат раҳбари кам углеродли технологияларни жорий этиш, айланма иқтисодиётни ривожлантириш ва ресурслардан самарали фойдаланиш бўйича ҳамкорликни кучайтириш зарурлигини таъкидлади.
Маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш мақсадида эса "Маданий сиёсат ва креатив индустриялар" форумини ташкил этиш таклифини илгари сурди.
Шавкат Мирзиёев нутқи якунида Ўзбекистон келгуси йили МДҲга раисликни қабул қилишга ва Ҳамдўстликни ривожлантириш йўлида ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлигини билдирди.






