Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлат раҳбарлари кенгашининг тор доирадаги мажлисида савдо, транспорт, энергетика, озиқ-овқат хавфсизлиги ва кибержиноятчиликка қарши курашиш соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича қатор таклифларни илгари сурди.
Давлат раҳбари нутқида билдирилган асосий фикрлар қуйидагилардан иборат:
- Ҳамдўстликнинг 35 йиллик фаолияти давомида кўп нарса ўзгарди, аммо мамлакатларни яқин инсоний муносабатлар, умумий тарих ва ҳамкорликнинг улкан салоҳияти боғлаб туриши ўзгаришсиз қолди.
- Бугунги кунда дунё тубдан ўзгармоқда, зиддиятлар кучайиб, одатий иқтисодий алоқалар қайта қурилмоқда. Бундай шароитда ишончни мустаҳкамлаш, позицияларни мунтазам мувофиқлаштириш ва келишувларнинг амалий натижадорлигини таъминлаш муҳим.
- Давлатларнинг умумий салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш, савдо-инвестициявий шерикликни янги босқичга олиб чиқиш зарур.
- Оддий товар айирбошлашдан қўшилган қиймат занжирларини биргаликда яратишга босқичма-босқич ўтиш мақсадга мувофиқ.
- Эркин савдо зонасининг чекловларсиз ва тўлиқ фаолият юритишини таъминлаш лозим.
- Техник тўсиқларни бартараф этиш, мувофиқлик сертификатларини ўзаро тан олиш ва давлат харидларида иштирок этиш имкониятларини кенгайтириш муҳим.
- Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бўйича давлат харидларида бозорларни ўзаро очишга доир битим ҳамда озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги ҳамкорлик дастурини тез фурсатда келишиш ва тасдиқлаш таклиф қилинди.
- Озиқ-овқат ва ўғитлар экспортига чекловлар жорий этилишидан олдин мамлакатларни ўзаро хабардор қилиш ва маслаҳатлашиш механизмини ишлаб чиқиш зарур.
- Интеграциялашган логистика марказларини ташкил этиш, транзит харажатларини сезиларли даражада қисқартириш, юк ташиш қоидаларини бирхиллаштириш ва МДҲнинг ягона транспорт ахборот тизимини шакллантириш таклиф этилди.
- Туркманистоннинг 2029 йилни Ҳамдўстликнинг транспорт боғлиқлиги йили деб эълон қилиш ташаббуси қўллаб-қувватланди.
- Энергетика хавфсизлигини таъминлаш учун келгуси ўн йилликларга мўлжалланган узоқ муддатли прогноз ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди.
- Кам углеродли технологияларни жадал жорий этиш ва ёпиқ циклдаги ишлаб чиқаришни ривожлантириш муҳимлиги қайд этилди. Шунингдек, ресурслардан самарали фойдаланиш ва айланма иқтисодиёт бўйича МДҲ ҳамкорлик концепциясини ишлаб чиқиш таклиф қилинди.
- Давлатлараро гуманитар ҳамкорлик жамғармаси фаолиятини кенгайтириш орқали маданий-гуманитар алоқаларни янада ривожлантириш имкониятлари мавжудлиги таъкидланди.
- "Маданий сиёсат ва креатив индустриялар" форумини ташкил этиш таклифи илгари сурилди.
- Кибержиноятчиликка қарши курашиш мақсадида МДҲ Қўшма алоқа марказини ташкил этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқиш таклиф қилинди. Бу вазифани Ички ишлар вазирлари кенгашига топшириш таклиф этилди.






