АсосийСИËСАТ

Ўзбекистон ва Буюк Британия ҳамкорликни кенгайтириш бўйича келишувга эришди

Учрашувда лорд Анас Сарвар давлат раҳбарига Буюк Британия Бош вазири Энди Бёрнэмнинг самимий саломи ва махсус мактубини етказди.

'Ўзбекистон ва Буюк Британия ҳамкорликни кенгайтириш бўйича келишувга эришди'ning rasmi

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 9 октябрь куни Буюк Британиянинг савдо бўйича давлат вазири лорд Анас Сарвар билан учрашди. Унда икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ва янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашувда лорд Анас Сарвар давлат раҳбарига Буюк Британия Бош вазири Энди Бёрнэмнинг самимий саломи ва махсус мактубини етказди.

Мулоқот давомида Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасидаги сиёсий мулоқот жадал ривожланаётгани, турли даражалардаги алмашинувлар фаоллашгани ҳамда хавфсизлик соҳасида самарали ҳамкорлик йўлга қўйилгани таъкидланди.

Қайд этилишича, икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми ортиб бормоқда. Айни пайтда Ўзбекистонда Британия капитали иштирокидаги 260 та қўшма корхона фаолият юритмоқда.

Шунингдек, Лондон фонд биржасида Ўзбекистон Миллий инвестиция жамғармасининг илк IPOси муваффақиятли амалга оширилгани қайд этилди. Молия соҳасида “Standard Chartered” банки, нефть-газ тармоғида эса “British Petroleum” компанияси билан ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Таълим соҳасида ҳам ҳамкорлик кенгаймоқда. Хусусан, учта қўшма олий таълим муассасаси ташкил этилган, Кембриж университети билан ҳамкорликда Президент мактаблари фаолияти йўлга қўйилган. Ўзбекистонга ташриф буюраётган британиялик сайёҳлар сони ҳам ортиб бормоқда.

Учрашувда инфратузилма, энергетика, молия, геология, транспорт, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида янги лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Бу борада Британия экспортни молиялаштириш агентлиги (UKEF) имкониятларидан фойдаланиш муҳимлиги таъкидланди.

Буюк Британия томони Тошкент шаҳрида инглиз ҳуқуқи тамойиллари асосида фаолият юритадиган Халқаро молия марказини ташкил этишда кўмаклашишга тайёрлигини билдирди.

Учрашув якунида Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган қўшма “йўл харитаси”ни қабул қилиш бўйича келишувга эришилди.

    Бошқа янгиликлар

    Ўзбекистон ва Буюк Британия ҳамкорликни кенгайтириш бўйича келишувга эришди - Darakchi.uz