Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёд шаҳридаги Подшоҳ Холид номидаги халқаро аэропортга ҳусийлар томонидан амалга оширилган, инсонлар ҳалок бўлиши ва тинч аҳоли вакиллари жароҳатланишига олиб келган ҳужумни қатъий қоралади. Бу ҳақда вазирлик баёнотида маълум қилинди.
Вазирлик ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига таъзия билдириб, жабрланганларга ҳамдардлик изҳор этди. Шунингдек, жароҳат олганларнинг тезроқ ва тўлиқ соғайиб кетишини тилади.
Баёнотда Ўзбекистон Саудия Арабистонининг суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва хавфсизлигини қўллаб-қувватлаши яна бир бор таъкидланган.
“Тинч аҳоли ва фуқаролик инфратузилмаси объектларига ҳужумлар халқаро ҳуқуқ нормаларининг жиддий бузилиши ҳисобланади ва бундай ҳаракатлар зудлик билан тўхтатилиши шарт”, — дейилади баёнотда.
Ўзбекистон томонларни ҳужумларни тўхтатишга, вазминлик кўрсатишга, кескинликнинг янада авж олишига йўл қўймасликка ҳамда келишмовчиликларни халқаро ҳуқуқ нормалари ва БМТ Низоми тамойилларига мувофиқ, мулоқот ва дипломатик воситалар орқали ҳал этишга чақирди.
Вазирлик Ўзбекистон Саудия Арабистони халқи ва ҳукумати билан бирдам эканини билдириб, минтақада тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга содиқлигини тасдиқлади.






