АсосийСИЁСАТ

Ўзбекистонлик робототехника чемпионлари давлат мукофотлари билан тақдирланди

Шавкат Мирзиёев фармонига мувофиқ, робототехника бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи “Содиқ хизматлари учун” медали ва жамоа аъзолари “Келажак бунёдкори” медали билан тақдирланди.

'Ўзбекистонлик робототехника чемпионлари давлат мукофотлари билан тақдирланди'ning rasmi

Жанубий Кореянинг Инчхон шаҳрида ўтказилган “FIRST Global Challenge” халқаро робототехника мусобақасида Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси жаҳон чемпионлигини қўлга киритди. Жамоа 3 та олтин медални қўлга киритиб, 16 та ўйиннинг барчасида ғалаба қозонди ва 637 балл билан мусобақа рекордини ўрнатди.

“FIRST Global Challenge” ҳар йили дунёнинг турли мамлакатларидан иқтидорли юқори синф ўқувчиларини бирлаштирадиган халқаро муҳандислик мусобақаси ҳисобланади. Бу йилги беллашув ўрмон ёнғинларининг олдини олиш, уларнинг оқибатларини бартараф этиш ва табиатни қайта тиклаш мавзусига бағишланди.

13 октябрь куни Президентнинг “Робототехника бўйича халқаро мусобақа ғолиблари ва уларнинг мураббийларини мукофотлаш тўғрисида”ги фармони эълон қилинди. Унга кўра, мусобақада юқори натижа кўрсатган терма жамоа вакиллари давлат мукофотлари билан тақдирланди.

“Содиқ хизматлари учун” медали билан:

  • Бўтахонов Зиёдулла Зойиржон ўғли — робототехника бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи.

“Келажак бунёдкори” медали билан:

  • Саломов Иброҳим Уктамович — Ўзбекистон терма жамоаси сардори;

  • Абдужабборов Абдуллох Абдуғофур ўғли — терма жамоа техник мураббийи;

  • Акбаров Шохрухбек Аъзамжон ўғли — терма жамоа аъзоси;

  • Косимов Акбаршох Анвар ўғли — терма жамоа аъзоси;

  • Мираҳмедов Аюбхон Анвар ўғли — терма жамоа аъзоси;

  • Пардаев Умарбек Шерзод ўғли — терма жамоа аъзоси;

  • Содиқов Шукрулло Шерали ўғли — терма жамоа аъзоси;

  • Тешабаев Маҳкамбек — терма жамоа аъзоси;

  • Тешабаева Сафина — терма жамоа менежери;

  • Тожиқўзиев Жасурбек Рустамжон ўғли — терма жамоа аъзоси;

  • Урманов Баходир Дониёрович — терма жамоа аъзоси;

  • Урманов Хондамир Дониёрович — терма жамоа аъзоси;

  • Юсупхўжаев Ҳасанхон Алишер ўғли — терма жамоа менежери.

Фармонда жамоа вакиллари ўзларининг юксак интеллектуал салоҳияти, касбий маҳорати ва муҳандислик соҳасидаги билимларини намоён этиб, ёшларни илм-фан, ихтиро ва инновацияларга кенг жалб қилишда намуна кўрсатгани алоҳида қайд этилган.

    Бошқа янгиликлар