АсосийДУНЁ

Ўзбекистонда халқаро курьерлик жўнатмалари учун божхона йиғими 20 фоизга пасайтирилади

Қарор билан 2026–2030 йилларда транспорт-логистика тизимини ривожлантириш бўйича асосий мақсадли кўрсаткичлар ҳам белгиланди.

'Ўзбекистонда халқаро курьерлик жўнатмалари учун божхона йиғими 20 фоизга пасайтирилади'ning rasmi

Ўзбекистонда 2026 йил 1 ноябрдан халқаро курьерлик жўнатмаларини божхона расмийлаштирувидан ўтказиш учун ундириладиган амалдаги божхона йиғими ставкаси 20 фоизга камайтирилади. Бу Президентнинг 12 октябрь куни қабул қилинган "Транспорт-логистика тизимини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорида белгиланган.

Қарор билан 2026–2030 йилларда транспорт-логистика тизимини ривожлантириш бўйича асосий мақсадли кўрсаткичлар ҳам белгиланди.

Жумладан, транспорт-логистика марказларининг йиллик қуввати камида 40 миллион тоннага етказилади. Транспорт ва логистика хизматлари экспорти 3,5 миллиард АҚШ долларига, мамлакат ҳудуди орқали транзит юк ташиш ҳажми эса 18,5 миллион тоннага етказилиши режалаштирилган.

Шунингдек, белгиланган талабларга жавоб берадиган халқаро қуруқлик портлари сони ҳозирги 24 тадан 30 тага оширилади. Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларининг юк ташиш қобилияти ва транспорт-логистика марказларида контейнерларга ишлов бериш қуввати икки баробарга оширилади.

Қарорга мувофиқ, Андижон вилоятининг Хонобод шаҳри, Бухоро вилоятининг Олот тумани, Сурхондарё вилоятининг Термиз тумани, шунингдек, Тошкент вилоятининг Янгийўл ва Оҳангарон туманлари транспорт-логистика соҳасига ихтисослаштирилади.

Белгиланган чора-тадбирлар мамлакатда транспорт-логистика инфратузилмасини ривожлантириш, транзит салоҳиятини ошириш ва логистика хизматлари экспортини кенгайтиришга қаратилган.

    Бошқа янгиликлар