АсосийДУНЁ

Air India самолёти бомба таҳдиди сабабли фавқулодда қўнди

Маълум қилинишича, AI-2030 рейси Мумбай осмонида учиб кетаётган вақтда учувчи халқаро авиацияда самолёт олиб қочилгани ёки унга ноқонуний аралашув бўлганини билдирувчи Squawk 7500 кодини фаоллаштирган.

'Air India самолёти бомба таҳдиди сабабли фавқулодда қўнди'ning rasmi

Германиянинг Франкфурт шаҳридан Ҳиндистон пойтахти Деҳлига учаётган Air India авиакомпанияси самолёти эҳтимолий олиб қочиш сигнали ва бомба таҳдиди ҳақидаги хабардан сўнг Жайпур аэропортига фавқулодда қўнди. Бу ҳақда "The Times of India" хабар берди.

Маълум қилинишича, AI-2030 рейси Мумбай осмонида учиб кетаётган вақтда учувчи халқаро авиацияда самолёт олиб қочилгани ёки унга ноқонуний аралашув бўлганини билдирувчи Squawk 7500 кодини фаоллаштирган. Шундан сўнг самолёт Жайпурга йўналтирилган.

Самолёт хавфсиз қўнган ва авиация хавфсизлиги протоколларига мувофиқ, махсус ажратилган ҳудудга олиб борилган. "The Tribune India" нашрининг ёзишича, аэропорт маъмурияти полицияни самолётда портлаш таҳдиди борлиги ҳақида огоҳлантирган.

Ҳозирча авиакомпания ҳодиса юзасидан расмий баёнот бермаган. Шунингдек, самолётда қанча йўловчи бўлгани ҳақида ҳам маълумот йўқ.

Эслатиб ўтамиз, 30 сентябрь куни Дубайдан Тел-Авивга учаётган Flydubai самолёти ҳам олиб қочиш эҳтимоли ҳақидаги сигналдан кейин Саудия Арабистонининг Табук шаҳри аэропортига фавқулодда қўнганди. Ўшанда ҳодисага учувчилар кабинасидаги жанжал сабаб бўлгани хабар қилинган.

Маълумотларга кўра, Boeing 737 MAX 8 самолёти бортида 174 киши, жумладан, 27 нафар бола бўлган. Жанжал вақтида учувчилардан бири оғир жароҳат олган, самолёт баландликни кескин йўқотган. Ҳаво кемасини захирадаги икки учувчи қўндирган.

Ҳозирча Air India рейсидаги ҳодиса сабаблари ва эҳтимолий таҳдиднинг ҳақиқийлиги юзасидан якуний маълумот эълон қилинмаган.

    Бошқа янгиликлар