АсосийСИЁСАТ

Мирзиёев ва Алиев Бокуда учрашди

Томонлар маданий-гуманитар алмашинувларни кенгайтиришга қаратилган тадбирларга бой дастур амалга оширилаётганини ҳам қайд этди.

'Мирзиёев ва Алиев Бокуда учрашди'ning rasmi

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев билан учрашув ўтказди. Унда икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев амалий ташриф билан Боку шаҳрида бўлиб турибди. Ташриф доирасида давлат раҳбари Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев билан музокара ўтказди.

Суҳбат аввалида Мирзиёев Алиевни Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашга раислиги муваффақиятли якунланаётгани ҳамда ташкилотнинг еттинчи саммити юқори савияда ўтказилгани билан табриклади.

Учрашувда жорий йил август ойида Илҳом Алиевнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи давомида эришилган келишувларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги стратегик шериклик ҳамда иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш истиқболларини кўриб чиқди.

Мулоқот давомида барча даражаларда самарали алоқалар йўлга қўйилгани мамнуният билан қайд этилди. Йил бошидан буён икки давлат ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 30 фоизга ошгани таъкидланди.

Шунингдек, геология, энергетика, қурилиш, транспорт, логистика, енгил саноат ва туризм соҳаларидаги ҳамкорлик лойиҳалари фаол босқичга киргани билдирилди.

Томонлар маданий-гуманитар алмашинувларни кенгайтиришга қаратилган тадбирларга бой дастур амалга оширилаётганини ҳам қайд этди.

Учрашув якунида давлат раҳбарлари халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик масалалар юзасидан фикр алмашди ҳамда бўлажак тадбирлар режасини муҳокама қилди.

    Бошқа янгиликлар