АсосийДУНЁ

Қозоғистонга кириш учун чет элликларга электрон рухсатнома талаб этилади

Ҳозирча электрон рухсатнома олиш тавсиявий хусусиятга эга.

'Қозоғистонга кириш учун чет элликларга электрон рухсатнома талаб этилади'ning rasmi

Қозоғистон чет эл фуқароларининг мамлакатга кириши, у ерда бўлиши ва чиқишини тартибга солувчи янги қоидаларни тасдиқлади. Янги тартибга кўра, хорижликлар мамлакатга кириш учун электрон рухсатнома олиши керак бўлади. Бу ҳақда Zamon.uz хабар берди.

Ҳукумат қарорига мувофиқ, электрон рухсатнома ички ишлар органлари томонидан миллий хавфсизлик идоралари билан келишилган ҳолда рақамли платформа орқали бепул расмийлаштирилади. Ариза режалаштирилган сафардан камида 72 соат олдин топширилиши ва аризачи шахсини тасдиқлаш жараёнидан ўтиши лозим.

Электрон рухсатнома 180 календарь кун давомида амал қилади. Бироқ бу муддат хорижий фуқаронинг Қозоғистонда қолиши мумкин бўлган вақтни англатмайди. Мамлакатда бўлиш муддати алоҳида тартибда белгиланади.

Чегара назоратида хорижликлар рухсатнома олишда фойдаланган паспорти ёки бошқа шахсини тасдиқловчи ҳужжатини тақдим этиши керак. Рухсатнома ҳақидаги маълумотлар «Беркут» ягона рақамли тизими орқали текширилади.

Электрон рухсатномаларни текшириш тизими босқичма-босқич жорий этилади:

  • 2026 йил 1 ноябрдан — Ақтау халқаро аэропорти ҳамда Урлютобе, Аухатти, Атамекен ва Нурли Жол чегара ўтказиш пунктларида;

  • 2027 йил 1 январдан — Остона ва Олмаота халқаро аэропортларида;

  • 2027 йил 1 мартдан — давлат чегарасидаги бошқа барча назорат-ўтказиш пунктларида;

  • 2027 йил 1 июлдан — электрон кириш рухсатномаси мажбурий бўлади.

Ўтиш даврида рухсатномаси бўлмаган хорижликларга ҳужжатни расмийлаштириш зарурати тушунтирилади. Бироқ фақат рухсатнома йўқлиги сабабли уларнинг мамлакатга кириши рад этилмайди. 2027 йил 1 июлдан кейин эса рухсатноманинг мавжуд эмаслиги киришни рад этиш учун асос бўлади.

Янги талаб визасиз режим амал қиладиган давлатлар фуқароларига ҳам тааллуқли. Яъни Қозоғистонга визасиз кириш ҳуқуқига эга бўлиш электрон рухсатнома олиш мажбуриятидан озод қилмайди.

Ҳужжатни расмийлаштириш учун QazETA рақамли платформасидан фойдаланиш режалаштирилган. Платформа 2026 йил январидан синов режимида ишламоқда. Ҳозирча электрон рухсатнома олиш тавсиявий хусусиятга эга.

Қайд этилишича, дастлаб рухсатномани пулли асосда бериш таклиф қилинган бўлса-да, тасдиқланган қоидаларга мувофиқ, у бепул расмийлаштирилади.

Шу билан бирга, электрон рухсатнома қабул қилувчи томоннинг хорижий фуқаро келгани ҳақида миграция органларига хабар бериш мажбуриятини бекор қилмайди. Тегишли хабарнома амалдаги тартибда тақдим этилиши керак.

    Бошқа янгиликлар