АсосийДУНЁ

Истанбулда сел қурбонлари сони 3 нафарга етди

Истанбул губернаторлиги ҳам Садабат боғи яқинидан эркак кишининг жасади топилганини тасдиқлаган.

'Истанбулда сел қурбонлари сони 3 нафарга етди'ning rasmi

Туркиянинг Истанбул шаҳрида кучли ёғингарчилик оқибатида юзага келган селда ҳалок бўлган яна бир кишининг жасади топилди. Шу тариқа табиий офат қурбонлари сони 3 нафарга етди. Бу ҳақда "Cumhuriyet" нашри хабар берди.


Маълум қилинишича, 15 октябрь куни Қоғитхона туманидаги Садабат боғи ҳудудида фуқаролар сой бўйидаги кўприк таянчига илиниб қолган жасадни кўриб, тегишли хизматларга хабар берган. Шундан сўнг воқеа жойига қутқарув гуруҳлари юборилган.


Дастлабки маълумотларга кўра, жасад тахминан 40 ёшлардаги эркакка тегишли. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳодиса юзасидан суриштирув ишларини бошлаган. Эркак Сариер туманидаги Айазаға маҳалласида сел оқимига тушиб, сувда оқиб кетган бўлиши мумкин.


Истанбул губернаторлиги ҳам Садабат боғи яқинидан эркак кишининг жасади топилганини тасдиқлаган. Айни пайтда марҳумнинг шахсини аниқлаш ишлари олиб борилмоқда.


"Ёғингарчилик оқибатида ҳалок бўлганлар сони 3 нафарга етди. Айни пайтда бедарак йўқолганлар сони 4 нафарни ташкил этмоқда", дейилади губернаторлик баёнотида.


Эслатиб ўтамиз, 15 октябрь куни Истанбулда кучли ёмғир ва бўрон оқибатида кенг кўламли сув тошқинлари юзага келган эди. Ҳодиса оқибатида икки киши ҳалок бўлган, кўчалар, ерости йўллари ва туннелларни сув босган, юзлаб уйлар ҳамда иш жойларига зарар етган. Шунингдек, шаҳардаги барча давлат ва хусусий таълим муассасаларида дарслар бекор қилинган.


Аввалроқ Туркиянинг Истанбул, Ялова ва Кожаэли вилоятларида кучли ёмғир ва шамол кутилаётгани сабабли у ерда яшаётган ёки вақтинча бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари огоҳлантирилган эди.

    Бошқа янгиликлар