АсосийЖИНОЯТ

Тошкент вилоятида 15 килограмм гиёҳвандлик воситаси билан боғлиқ ҳолатлар аниқланди

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 273-моддаси 6-қисми “а” банди билан жиноят ишлари қўзғатилган.

'Тошкент вилоятида 15 килограмм гиёҳвандлик воситаси билан боғлиқ ҳолатлар аниқланди'ning rasmi

Тошкент вилоятида 15 килограмм гиёҳвандлик воситасининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди. Ҳолатлардан бирида 13 килограмм гашиш, бошқасида эса 2 килограмм опий мусодара қилинган. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, Ички ишлар вазирлиги Тезкор-қидирув департаментининг ҳудудий бўлинмалари, Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Божхона қўмитаси ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбирлар ўтказилган.

Биринчи ҳолатда трансмиллий жиноий гуруҳ аъзолари қўшни давлатдан Тошкент вилояти орқали катта миқдорда гиёҳвандлик воситаларини контрабанда йўли билан олиб ўтишга уринган.

Жиноий гуруҳ етакчиси ва унинг 1985 ҳамда 1973 йилларда туғилган икки шериги “Тико” русумли автомашинада Тошкент–Андижон автомобиль йўлига келган. Улар олдиндан белгиланган жойга яшириб қўйилган 13 килограмм гашишни олаётган вақтда ушланган.

Қайд этилишича, гуруҳ етакчиси муқаддам Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ҳамда 122-моддаси (вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш) билан судланган.

Иккинчи ҳолат Тошкент вилоятининг Бўка туманида аниқланган. Унда 1972 йилда туғилган, муқаддам судланган шахс 1976 йилда туғилган шахсга 2 килограмм опийни 20 минг АҚШ долларига сотаётган вақтда қўлга олинган.

Тезкор тадбирлар давомида жами 15 килограмм опий ва гашиш мусодара қилинган. Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, бу миқдордаги гиёҳвандлик воситаларининг 75 минг дозаси аҳоли орасида тарқалишининг олди олинган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 273-моддаси 6-қисми «а» банди билан жиноят ишлари қўзғатилган. Гумонланувчилар қамоққа олинган.

    Бошқа янгиликлар