АсосийСИЁСАТ

Ўзбекистон энергетикасига 4,7 миллиард долларлик инвестиция киритилади

Президент Шавкат Мирзиёев ёқилғи-энергетика соҳасидаги инвесторлар билан очиқ мулоқот ўтказмоқда.

'Ўзбекистон энергетикасига 4,7 миллиард долларлик инвестиция киритилади'ning rasmi

Тадбирда соҳага инвестиция жалб қилиш, янги электр энергияси ишлаб чиқариш қувватларини яратиш ва мамлакатнинг энергетик хавфсизлигини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Давлат раҳбари энергетикани тараққиётнинг юраги деб атаб, барқарор энергия таъминоти тадбиркорлар сармояси ва аҳолининг эртанги кунга бўлган ишончи учун муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

Қайд этилишича, сўнгги ўн йилда энергетика соҳасидаги муаммоларни ҳал қилиш, эскирган қувватларни янгилаш ва электр энергиясига ортиб бораётган талабни қондириш мақсадида бозор хусусий сармоялар учун очилди. Шунингдек, давлат-хусусий шериклик механизмлари жорий этилди.

Натижада ўтган даврда соҳага 35 миллиард доллар инвестиция киритилди. Ҳамкор давлатлар сони эса 2–3 тадан 10 тадан зиёдга етди.

Қуёш, шамол ва гидроэлектр станциялари ҳисобига қайта тикланувчи энергиянинг жами электр энергияси ишлаб чиқаришдаги улуши 31 фоизга кўтарилди. «Яшил» энергия қувватлари 11,1 гигаваттни ташкил этмоқда. Аҳоли жон бошига электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми эса 28 фоизга ошиб, 2 минг 300 киловатт-соатга етди.

Тадбир доирасида умумий қиймати 4,7 миллиард долларлик 6 та йирик лойиҳа бўйича битимлар имзоланди. Уларнинг амалга оширилиши натижасида 3 минг мегаватт электр энергияси ишлаб чиқариш ҳамда 400 мегаватт энергияни сақлаш қувватлари яратилиши кутилмоқда.

Президентнинг таъкидлашича, энергетика лойиҳаларини ривожлантириш ва инвесторлар билан ишлаш бўйича тўпланган тажриба ҳамкорликнинг янги босқичига ўтиш имконини бермоқда. Бундан буён ҳар бир инвестиция нафақат янги қувватларни яратиши, балки энергетик хавфсизликни ошириш ва йўқотишларни камайтиришга ҳам хизмат қилиши керак.

2030 йилгача 22 минг мегаватт янги қувват яратиш режалаштирилган. Бунинг ҳисобига йиллик электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини 129 миллиард киловатт-соатдан ошириш, қайта тикланувчи энергия улушини эса 54 фоизга етказиш мақсад қилинган.

Шунингдек, яқинда қабул қилинган фармон билан ёқилғи-энергетика соҳасида давлат ва хусусий секторнинг вазифалари аниқ белгилаб берилгани қайд этилди. Янги босқичда лойиҳалар очиқ рақобат ва шаффоф қоидалар асосида амалга оширилиши, келишилган шартларга эса изчил риоя қилиниши белгиланган.

    Бошқа янгиликлар