Туркия ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан ва 10 дан ортиқ мамлакат делегациялари Озарбайжон пойтахти Бокуда ўтказилган саммитда Исроил Президенти Ицхак Герцог нутқ сўзлаётган вақтда зални тарк этди. Бу ҳақда Туркиянинг "T24" нашри хабар берди.
Маълум қилинишича, воқеа 15 октябрь куни Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш (CICA)нинг 7-саммитида юз берган. Герцог нутқини бошлаганида Туркия делегацияси, жумладан, Ҳоқон Фидан ҳамда 10 дан ортиқ мамлакат вакиллари ўринларидан туриб, залдан чиқиб кетган.
Ҳоқон Фидан саммитда Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған номидан ҳам нутқ сўзлаган. У Озарбайжоннинг ташкилотга раислик муддатини узайтиришни қўллаб-қувватлашини билдирган, Лаоснинг CICAга 29-аъзо сифатида қўшилганини олқишлаган ва ташкилотнинг янги бош котиби Султон Ҳожиевни тайинлов билан табриклаган.
Фидан, шунингдек, Туркия ноябрь ойида Анталия шаҳрида бўлиб ўтадиган COP31 иқлим саммитига мезбонлик қилиши ва унга раислик қилишини эслатган. Ушбу тадбир иқлим адолати ва барқарор ривожланишни таъминлаш учун муҳим имконият эканини таъкидлаган.
Туркия ташқи ишлар вазири нутқи давомида Исроилнинг Фаластин халқига нисбатан сиёсатини ҳам танқид қилган.
" CICA аъзоси бўлган Исроил тизимли босим сиёсатини юритиб, Фаластин халқининг асосий ҳуқуқларини бузаётган бир пайтда бу мажбуриятга содиқ қола олмаймиз", деган Фидан.
У ташкилот аъзоларини Фаластин халқининг ҳуқуқларини қўллаб-қувватлашга, давом этаётган зулм ва жиддий қонунбузарликларга қарши қатъий позицияда туришга чақирган.
Вазирнинг таъкидлашича, муаммонинг барқарор ечими 1967 йилги чегаралар асосида, пойтахти Шарқий Қуддус бўлган мустақил ва суверен Фаластин давлатини ташкил этишдан иборат.
Эслатиб ўтамиз, 14 октябрь куни Исроил Президенти Ицхак Герцог CICAнинг 7-саммитида иштирок этиш учун Бокуга борган. У Озарбайжон ҳаво йўллари (AZAL)га тегишли мунтазам йўловчи самолётида Туркия ҳаво ҳудудидан фойдаланган ҳолда Озарбайжонга етиб келган.
Туркия 2024 йилдан буён Исроил ҳукуматига тегишли самолётларнинг ўз ҳаво ҳудудидан ўтишига рухсат бермаётган бўлса-да, хорижий авиакомпанияларнинг фуқаролик рейсларига нисбатан бундай чеклов жорий этмаган. Герцогнинг Бокуга сафарида ҳам шу фарқ аҳамият касб этган.






