Ўзбекистон Президенти администрациясининг АҚШдаги вакили Комил Алламжонов АҚШ Президентининг махсус ёрдамчиси, Миллий хавфсизлик кенгашининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича катта директори Майкл Жеримайя билан учрашди. Бу ҳақда Комил Алламжонов ижтимоий тармоқларда маълум қилди.
Учрашувда бир қатор муҳим тадбирларга тайёргарлик кўриш билан боғлиқ ташкилий масалалар муҳокама қилинди. Хусусан, АҚШ Давлат котиби Марко Рубионинг Ўзбекистонга кутилаётган ташрифи, Самарқандда бўлиб ўтадиган “C5+1” учрашуви ҳамда Майамида ўтказиладиган G20 саммити кун тартиби юзасидан фикр алмашилди.
Маълум қилинишича, Марко Рубио 200 нафардан ортиқ бизнес вакилидан иборат делегация билан Самарқандга келиши кутилмоқда. АҚШ Давлат котиби 17–22 октябрь кунлари Ўзбекистон ва Ҳиндистонда бўлади.
Ташриф доирасида у Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлари иштирокидаги “C5+1” вазирлар учрашувида қатнашади.
Унда АҚШ ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги стратегик ҳамкорликни ривожлантириш, минтақада тинчлик ва фаровонликни таъминлаш масалалари муҳокама қилиниши режалаштирилган.






