Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 16 октябрь куни АҚШ Президентининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Сержио Горни қабул қилди. Учрашувда икки давлат ўртасидаги стратегик шерикликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқот давомида АҚШ Давлат котиби Марко Рубионинг Ўзбекистонга бўлажак ташрифи, “С5+1” форматидаги вазирлар учрашуви ҳамда Ўзбекистон — Америка ишбилармонлик ва инвестиция кенгашининг иккинчи йиғилишига тайёргарлик кўриш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Томонлар мазкур тадбирлар доирасида янги ташаббусларни ишлаб чиқиш, ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш муҳимлигини таъкидлади.
Шунингдек, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, Ўзбекистон иқтисодиётига Америка инвестицияларини жалб қилиш ва ўзаро манфаатли ишбилармонлик ташаббусларини илгари суришда Ўзбекистон — Америка ишбилармонлик ва инвестиция кенгашининг ўрни қайд этилди.
Учрашувда икки мамлакат етакчилари иштирокида ўтказилиши режалаштирилган халқаро тадбирлар кун тартиби юзасидан ҳам фикр алмашилди.






