Наманган вилоятида 5 та хонадонда сақланаётган, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, қиймати 5,2 млрд сўмлик дори воситалари аниқланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, ДХХнинг Наманган вилояти бўйича бошқармаси ходимлари вилоят божхона ва ички ишлар бошқармалари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказган.
Тадбир давомида Наманган шаҳрида яшовчи, 2002, 1997 ва 1987 йилларда туғилган уч нафар фуқаро ўзаро тил бириктириб, бешта хонадонда яширин омборлар ташкил этгани аниқланган. Улар тегишли сифат сертификатларига эга бўлмаган кўп миқдордаги дори воситаларини кейинчалик сотиш мақсадида сақлаб келган.
Натижада хорижий давлатларда ишлаб чиқарилган ва ноқонуний йўллар билан олиб келинган 287 турдаги жами 46 865 дона дори воситаси процессуал тартибда расмийлаштириб олинган. Улар орасида “Эринит”, “Гемаза” ва “Фенотропил” каби препаратлар ҳам бор.
Мазкур дори воситаларининг дастлабки тахминий қиймати 5,2 млрд сўмга баҳоланмоқда.
Ҳозирда олиб қўйилган дори воситалари юзасидан суд-кимёвий ва товаршунослик экспертизалари тайинланган. Ҳолат бўйича терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.






