АсосийСИЁСАТ

Мирзиёев ОФК президентини қабул қилди

Томонлар йирик футбол тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш, жумладан, аёллар ҳамда ўсмирлар ўртасидаги чемпионатларни ўтказиш борасида ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олган.

'Мирзиёев ОФК президентини қабул қилди'ning rasmi

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 17 октябрь куни Осиё футбол конфедерацияси (ОФК) президенти Шайх Салмон бин Иброҳим Ол Халифани қабул қилди. Учрашувда Ўзбекистоннинг ОФК билан ҳамкорлигини янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Қайд этилишича, Шайх Салмон бин Иброҳим Ол Халифа мамлакатда ҳаваскор ва профессионал футболни қўллаб-қувватлаш, замонавий инфратузилма ҳамда футбол мутахассисларини тайёрлаш базасини барпо этиш борасида амалга оширилаётган ишларни юқори баҳолаган.

Учрашувда футбол академияларини биргаликда ривожлантириш, шунингдек, “Ҳар бир маҳаллада футбол майдончаси” дастури доирасида ёшларни футболга кенг жалб этишга қаратилган лойиҳаларни илгари суриш муҳимлиги таъкидланган.

Томонлар йирик футбол тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш, жумладан, аёллар ҳамда ўсмирлар ўртасидаги чемпионатларни ўтказиш борасида ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олган.

Шунингдек, спортчилар ва мураббийларни тайёрлашда услубий ёрдам кўрсатиш, истеъдодли футболчиларни саралаш ҳамда футбол соҳасидаги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига эътибор қаратилган.

    Бошқа янгиликлар