Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 17 октябрь куни Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши Бош вазири Ли Цян бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Учрашувда икки мамлакат ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув аввалида Ли Цян Ўзбекистон раҳбарига Хитой Раиси Си Цзиньпиннинг самимий саломи ва эзгу тилакларини етказди.
Музокараларда икки давлат етакчиларининг жорий йил август ойида Бишкек шаҳрида бўлиб ўтган учрашувида эришилган келишувларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, парламентлар, ҳукуматлар, ташқи сиёсий идоралар, ҳудудлар ва ишбилармон доиралар ўртасидаги фаол алоқалар мамнуният билан қайд этилди.
Ўзбекистоннинг “Ягона Хитой” сиёсатига содиқлиги ҳамда “уч ёвуз куч”га қарши курашиш борасидаги ўзгармас позицияси яна бир бор тасдиқланди.
Қайд этилишича, икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми барқарор ўсиб бормоқда. Ўзаро келишувларга асосланган инвестиция лойиҳалари портфели қарийб 60 миллиард долларга етган. Шунингдек, Ўзбекистонда Хитой капитали иштирокида 6 мингдан зиёд қўшма корхона ташкил этилган. Хитойлик сайёҳлар оқими ҳам ортиб бормоқда, камбағалликни қисқартириш соҳасида тажриба алмашиш давом этмоқда.
Томонлар “яшил” энергетика, кимё саноати, геология, автомобилсозлик, металлургия, қишлоқ хўжалиги, инфратузилмани модернизация қилиш, тинч атом, рақамли технологиялар, сунъий интеллект, ускуна ишлаб чиқариш ва робототехника соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади.
Шунингдек, “Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон” стратегик темир йўли қурилиши жадал давом этаётгани қайд этилди. Ушбу лойиҳанинг ишга туширилиши минтақада савдони ривожлантириш ва транспорт боғлиқлигини мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди.
Музокараларда туризм, маданият ва таълим соҳаларидаги алмашинувларни кенгайтириш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Бу борада икки мамлакат шаҳарлари ўртасидаги авиақатновлар сонини кўпайтириш режалари муҳокама қилинди.
Маълум қилинишича, яқин кунларда Хитойда Ўзбекистон маданияти кунлари ўтказилади. Шунингдек, икки мамлакат ҳудудида маданият марказларини очиш режалаштирилган.
Учрашув якунида томонлар Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, “Марказий Осиё — Хитой” формати ва бошқа халқаро тузилмалар доирасидаги ҳамкорликнинг долзарб масалаларини ҳам муҳокама қилди.






