АсосийСИЁСАТ

“Шундай давлатлар борки, улар билан муносабатларни ривожлантиришни истайсиз” — Марко Рубио Ўзбекистонга ташрифи ҳақида

Мазкур ташриф минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ҳамда АҚШнинг Марказий Осиё давлатлари билан муносабатларини ривожлантириш нуқтаи назаридан муҳим аҳамият касб этади.

'“Шундай давлатлар борки, улар билан муносабатларни ривожлантиришни истайсиз” — Марко Рубио Ўзбекистонга ташрифи ҳақида'ning rasmi

АҚШ Давлат котиби Марко Рубио халқаро майдонда турли инқирозлар давом этаётган бир пайтда нима учун Марказий Осиёга ташриф буюраётганига изоҳ берди. Унинг айтишича, айрим давлатларга муаммоларни ҳал қилиш ёки халқаро конференцияларда иштирок этиш учун эмас, балки ўзаро муносабатларни ривожлантириш мақсадида борилади.

Марко Рубио бу ҳақда Ўзбекистонга сафари олдидан билдирган фикрларида тўхталиб ўтди.

АҚШ Давлат котибининг Марказий Осиёдаги илк манзили Самарқанд шаҳри бўлади. У ерда минтақанинг бешта давлати вакиллари билан учрашув ўтказиши режалаштирилган. Шундан сўнг Рубио Ҳиндистонга йўл олиб, Мумбай ва Жамнагар шаҳарларида бўлади.

Қайд этилишича, АҚШ Давлат котиби Ўзбекистонга 200 нафардан ортиқ бизнес вакили ҳамроҳлигида келмоқда. У Марказий Осиёнинг барча давлатлари Вашингтон учун муҳим ҳамкорлар эканини таъкидлаган.

“Биласизми, одатда бирор давлатга у ерда инқироз ёки муаммо юзага келгани учун ёхуд конференцияда иштирок этиш мақсадида борилади. Аммо шундай давлатлар борки, улар билан муносабатларимизни ривожлантириш учун ташриф буюришни истайсиз. Бир неча ҳафта олдин Греция ва бошқа давлатларга қилган сафарларимиз ҳам шундай ташрифлардан эди. Бундан бир неча ҳафта аввал Лотин Америкасида бўлдик, энди эса Марказий Осиёга йўл оляпмиз”, деди Марко Рубио.

Шунингдек, Давлат котиби ташриф санаси Марказий Осиёнинг бешта давлати ташқи ишлар вазирларини бир жойга тўплаш учун қулай бўлганини қайд этди.

Мазкур ташриф минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ҳамда АҚШнинг Марказий Осиё давлатлари билан муносабатларини ривожлантириш нуқтаи назаридан муҳим аҳамият касб этади.

    Бошқа янгиликлар